Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар орзуси рўёбга чиқмоқда
19:51 / 2015-08-19

Шайхонтоҳур саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган Муборак Дадабоева «Даврбанк»дан олган 5 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига ширинликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона очди.

Шайхонтоҳур саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаган Муборак Дадабоева «Даврбанк»дан олган 5 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига ширинликлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона очди.

Муборак энди ўн тўққиз ёшни қаршилади. Бугун мамлакатимизда у каби улкан мақсадлар билан ҳаётга кириб келаётган ёшлар кўп.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 28 июлдаги “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги ёшларни қўллаб-қувватлашда дастуриламал бўлаётир.

Мазкур фармон битирувчиларга замонавий технология асосида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган, ички ва ташқи бозордаги ўзгаришларга мослашадиган корхоналар ташкил этиш имконини бермоқда. Ёш тадбиркорларнинг пухта билими, ўз фаолиятида илғор техналогиялардан кенг фойдаланиши ютуқларнинг асосий омили бўлмоқда.

– Президентимизнинг доимий эътиборидан руҳланиб, ўз бизнесимни бошладим, – дейди М.Дадабоева. – Ўн нафар ёш иш билан таъминланган корхонамизда йигирма турдаги ширинликлар ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, оиламиз билан бирга қизларга ширинликлар тайёрлашни ўргатадиган ўқув маркази ташкил этдик. Ҳозир марказимизда ўн икки нафар қиз қандолат маҳсулотларини тайёрлаш сирларини ўрганмоқда.

Республика ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази бошқарма бошлиғи Абдухалил Раҳмоновнинг айтишича, жорий йилда мамлакатимиздаги 1403 касб-ҳунар коллежини 482,6 мингдан зиёд ёш битирган. Ҳозиргача уларнинг 475,4 минг нафари иш билан таъминланган. Барча касб-ҳунар коллежларида тижорат банклари ва турли ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган учрашувларда мутахассислар томонидан ёшларга тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича маслаҳатлар берилди. Натижада 33,2 мингдан ортиқ битирувчи тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган. Шу кунгача тижорат банклари томонидан битирувчиларга 25,7 миллиард сўм кредит ажратилди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаларида 10,9 минг корхона ва ташкилот 79,7 мингдан ортиқ бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмаркаларда қатнашган 11 мингдан ортиқ йигит-қиз ишга жойлашиш учун йўлланма олган, 12 мингга яқин битирувчига бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари мутахассислари томонидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

– Тошкент тиббиёт коллежини тамомладим, – дейди Дилдора Аҳмедова. – Меҳнат ярмаркасида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан тақдим этилган иш ўринлари билан танишиб, мутахассислигим бўйича Олмазор туманидаги 15-оилавий поликлиникага ҳамшираликка ишга кирдим.

– Корхонамизда 150 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади, – дейди Юнусобод туманидаги сутни қайта ишлашга ихтисослашган «Ибрагимов Ҳусан Носирович» хусусий корхонаси раҳбари Ҳусан Ибрагимов. – Жорий йилда элликка яқин коллеж ўқувчиси жамоамизда амалиёт ўтади. Амалиёт чоғида уларнинг меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги бизга маъқул бўлди. Барчасини ишга қабул қилдик. Айни пайтда ёшларга малакали мутахассислар томонидан касб сирлари ўргатилмоқда. Уларга зарур шароитлар яратилган. 

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ёшларнинг ўзлари истаган ва қизиққан соҳада пухта таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ишга жойлашиши учун яратилаётган имкониятлар йигит-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши ва орзулари рўёбига хизмат қилмоқда.