Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази» мажлислар залида «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантиришни жадаллаштириш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги «Ёшлар маркази» мажлислар залида «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантиришни жадаллаштириш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходимлари, «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантирувчи масъул штаб аъзолари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати Ёшларга оид дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи, республика ишчи гуруҳи аъзоси Фазлиддин Баҳромов штаб аъзоларига электрон базани шакллантиришнинг осон ва қулай йўли бўйича батафсил тушунтириш берди.
Қайд этилганидек, ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллалардаги учраётган муаммоларни хатловдан ўтказиш жараёнлари кўп вақт талаб қилмоқда. Белгиланган муддатгача «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантириш учун хонадонларда сўровномаларни тўлдирувчи ишчи гуруҳи аъзоларини янада кўпайтириш лозим. Шундагина, кўп вақтимиз тежалади. Шунингдек, электрон базага киритувчи мутахассис ҳеч қандай хатога йўл қўймаслиги зарур. Агарда, ҳар бир маҳалладан анкеталар тўлдирилиши қанчалик тезлашса, хатлов тез муддатда тугатилишига эришилади.
Штаб аъзолари ишларни мана шу асосда амалга оширса нафақат жараёнлар тезлашади, балки унинг шаффофлигига ҳам эришилади. Шундагина, Қорақалпоғистон тажрибасини барча вилоятларга намуна этиб кўрсатиш мумкин. Тадбир иштирокчилари махсус дастурдаги намунани бехато шакллантириш борасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
–Бугунги семинарда сўровномаларни электрон базага киритиш жараёнларида учраётган муаммолар юзасидан саволларимга жавоб олдим, –дейди штаб аъзоси Баҳодир Узақбоев.–Семинардан олган тажрибамизни тумандаги штаб аъзоларига албатта, етказаман ва бу борадаги амалий ишлар бугундан бошлаб юборилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантириш вазифаси белгиланган эди.
Ушбу дафтарларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бугунги кунда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидан намунали деб топилган иккита туман (шаҳар)да республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикасида эса барча шаҳар ва туманларида «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»ни шакллантириш ишлари бошлаб юборилди. Албатта Оролбўйи ёшларининг ушбу ташаббуси барча ҳудудларга намуна бўлиши шубҳасиз.