Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёшлар билан учрашувда қуруқ гаплар эмас, амалий натижалар кўзга ташланди
14:49 / 2020-01-30

Кимга иш керак? Кимда қандай режа бор?


Кимга иш керак? Кимда қандай режа бор? Ўртага ташланган бундай саволлардан кейин йигит-қизлар тортинмай мақсадларини баён қилишга ўтди.

Шу заҳоти ўнлаб йигит-қизлар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони, фаолиятини ривожлантириш учун имтиёзли кредит маблағи кераклигини айтди.

Уларнинг режалари мутахассислар томонидан ўрганилиб, шу куннинг ўзида 5 нафарига ер майдони, 47 нафарига имтиёзли кредит ажратилди.

Ишлаб чиқариш корхоналарида ишлаш ниятида юрган йигит-қизларга эса “Контекс”, “Динар текстиль” ва “Маданият текстиль” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналари фаолияти ҳақида кўргазмали маълумот берилди. 56 нафар йигит-қиз ўз хоҳишларига қараб шу корхонада иш бошлайдиган бўлди. Улар билан шу куннинг ўзида меҳнат шартномалари имзоланди.

Бирга ишлашни ўзаро келишиб олган 14 нафардан иборат йигитлар жамоаси қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти ташкил қилиш ниятида эканини маълум қилди. Уларга ҳам зарур кўмак кўрсатилиб, “Бўстонобод ёшлар бунёдкори” масъулияти чекланган жамиятига асос солинди.

photo5301241519312841671.jpg

Учрашув жойининг ўзида ўртага ташланган ташаббуслар кўп бўлди, муҳими уларни имкон қадар амалга оширишга ҳаракат қилинмоқда.

Одамлар турли мажлислардан, қуруқ ваъдалардан, номигагина ўтказилаётган учрашувлардан зериккан ва чарчаган бир пайтда амалий натижалар ҳақида эшитиш қувонарли, албатта.

Бундан буён ҳар иш Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, амалий бўлиши, яъни натижадор бўлиши шарт.

Юқорида биз тилга олган хайрли ишлар Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида амалга оширилди.

– Мазкур туманда 39 мингга яқин ёшлар бор, – дейди Андижон вилояти прокурори Ғайрат Фозилов. – Шулардан 3 мингга яқини ишсиз экани аниқланди. Йигит-қизлар билан мулоқот давомида мингдан зиёди тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятини билдирди. 1,2 га яқин йигит ва қиз эса касб-ҳунар эгаллашга эҳтиёжи борлигини маълум қилди. Уларнинг истакларини инобатга олган ҳолда, айримларига тадбиркорлик бошлаши, кредит олишига кўмаклашилди. Ишсиз юрган ёшларнинг ярмига яқинига касб-ҳунар ўргатиш чоралари кўриладиган бўлди. Улар эгаллаган ҳунарига қараб ишга жойлаштирилади. Уч юздан ортиқ ёшлар қишлоқ хўжалиги, юздан зиёди қурилиш, юзга яқини эса тўқимачилик саноати корхоналарига ишга йўналтирилди.

Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг нафақат бандлиги, балки уй-жой таъминоти, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ўқиш-ўрганиш бўйича қизиқишлари ҳақида ҳам фикрлашилди. Уларнинг талаб-истаклари тингланганда бу йўанлишда қилиниши зарур ишлар бисёрлиги аён бўлди ва бу масалалар ҳам мутасаддиларнинг иш режасидан ўрин олди.

Учрашув давомида ёшлар иштирокида футбол, теннис, кураш ва шахмат спорт турлари бўйича мусобақалар, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари ҳам намойиш этилди.

Бундай эътибордан ёшларнинг кўнгли кўтарилди, улар қалбида ҳаракат қилиш, ишлаш, оиласига, жамиятга фойда келтиришга бўлган шижоат юксалди.