Ёш ҳуқуқшунослар, ҳалоллик ва холислик шиорингиз бўлсин!
Тошкент давлат юридик университетининг навбатдаги битирувчиларига диплом топширилди.
Тошкент давлат юридик университетининг навбатдаги битирувчиларига диплом топширилди.
Ўқитишнинг янги, замонавий модул тизими асосида таълим олган бу ёшлар ўзининг иқтидори, салоҳияти ва изланувчанлиги натижасида университетни муваффақиятли якунлади.
Маросим Zoom видеодастури орқали битирувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида ўтказилди. Мазкур ўқув йилида университетни 481 нафар бакалавр ҳамда 124 нафар магистратура босқичи талабалари тамомлади.
«Қонун устуворлиги ва адолатни таъминлаш фаолиятингизнинг бош мезони бўлсин: оқ йўл, азиз битирувчилар!» мавзуида ўтказилган маърифий тадбирда Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирок этди.

Тадбирда, шунингдек, Олий суд раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Фан арбоби, университет Фахрийлар кенгаши раиси Ҳалим Бобоев, Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов ва битирувчиларнинг ота-оналари, ёшлар қатнашди.
Адлия вазири юридик кадрларни тайёрлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, ҳуқуқшунос кадрларга қўйиладиган талаблар, хусусан, улар қандай мезонларга жавоб бериши кераклиги борасида ўз мулоҳазаларини билдирди. Қаерда фаолият юритишдан қатъий назар, қонунийлик ва адолатга қатъий амал қилиш, ҳалоллик ва холислик шиори асосида иш олиб бориш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчиларининг барчаси ёш ҳуқуқшуносларга янги ҳаёт йўлида омад тилади.