Ёш тадбиркорларга 1 миллиард 100 миллион сўм имтиёзли кредит берилади
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Yoshlar – kelajagimiz” дастури доирасида жорий йил ёш тадбиркорларга 1 миллиард 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Yoshlar – kelajagimiz” дастури доирасида жорий йил ёш тадбиркорларга 1 миллиард 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.
Бу ҳақда “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси туман филиали ташаббуси билан тумандаги 10-умумтаълим мактаби юқори синф ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.
Учрашувда тумандаги қатор тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ҳам иштирок этиб, битирувчи ўқувчиларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, юритиш ва ривожлантириш борасида маълумот берди. Жумладан, “ASIL GOʻZAL MASKAN OQ TULPOR” масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўқувчилар билан очиқ мулоқотга киришиб, тадбиркорлик сир-асрорлари бўйича ёшларга керакли маслаҳат ва тавсиялар берди.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг ишлаб чиқариш корхонасига саёҳати ташкил этилиб, ўқувчилар “Эйвалек” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳудудидаги “EYVALEK CHEVARLARI” корхонаси фаолияти билан танишди.
Маълумотларга кўра, 2019 йилда туманда “Yoshlar – kelajagimiz” дастури доирасида 10 нафар ёш лойиҳа ташаббускорига 1 миллиард 417 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган. 2020 йилда эса мазкур йўналишда молиялаштирилиши режалаштирилган лойиҳалар сони 7 тани ташкил этмоқда.