Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёш тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда
11:39 / 2017-06-08

Сурхондарё вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини жорий йилда 38 мингдан ортиқ ўқувчи битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади.

Сурхондарё вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини жорий йилда 38 мингдан ортиқ ўқувчи битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олади.

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини янада юксалтириш, тадбиркорликка жалб этиш ва иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Битирувчилар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш доимий эътиборда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими раиси Сирожиддин Саломов. – Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Марказий банк ва тижорат банклари ҳамкорлигида анъанавий ташкил этилаётган “Менинг бизнес ғоям” танлови муҳим аҳамият касб этмоқда. Жорий йилда танловнинг вилоят босқичида касб-ҳунар коллежларининг 140 битирувчиси ўз бизнес режаси билан иштирок этди. Улардан сараланган 40 иштирокчининг 1 миллиард 300 миллион сўмлик истиқболли бизнес ғояси вилоят миқёсида молиялаштиришга тавсия этилди. 12 иштирокчи танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Айни пайтда вилоятдаги 116 касб-ҳунар коллежи ва 5 академик лицейда 120 мингга яқин ўқувчи замонавий шароитларда таҳсил олмоқда.

– Битирувчилар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг қизиқиш ва интилиши, тадбиркорлик қобилияти ўрганилди, – дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Каромат Ашуров. – Шу асосда 12 минг 550 битирувчи тижорат банкидан имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирди. Уларнинг ҳар 5 нафарига 1 ўқитувчи бириктирилиб, оилавий шароити, тадбиркорлик билан шуғулланиш имконияти таҳлил этилди. Бизнес режа тузиш ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш, тижорат банкига топшириш жараёнига кўмаклашилди.

Сариосиё иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи учинчи босқич ўқувчиси Асилбек Нарзуллаев “Менинг бизнес ғоям” танловининг вилоят босқичида легоғишт ишлаб чиқариш лойиҳаси билан иштирок этиб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Ушбу бизнес ғоям кўпчилик томонидан маъқулланиб, танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлганимдан хурсандман,­ – дейди Асилбек. – Тижорат банкидан 45 миллион сўм кредит олиб, ихчам ускуналар ёрдамида арзон ва пишиқ легоғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Олинган даромад эвазига келгусида ўз бизнесимни янада ривожлантириш, сифатли ва арзон қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни режалаштирганман.

Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирга қадар тижорат банклари томонидан 2 мингдан ортиқ битирувчининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун 10 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағи ажратилган. 3 минг 553 битирувчи 12 миллиард 904 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш учун тижорат банкларига тегишли ҳужжатларни топширган.