Ёш тадбиркор ва фермерлар анжумани
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ташаббуси билан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ёш тадбиркор ва фермерлар форуми ўтказилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ташаббуси билан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги олдидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ёш тадбиркор ва фермерлар форуми ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори М.Алиев, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси С.Турдиев, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев ва бошқалар мустақиллик шарофати билан хусусий мулк ва тадбиркорликка кенг йўл очилганини, мазкур форум ҳам кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотларнинг яққол самараси сифатида мамлакатда ёш мулкдорлар қатлами шаклланганлигини тарғиб қилиш ва улар учун мулоқот майдонини яратиш мақсадида ташкил этилганини таъкидлади.
Ўтган қисқа даврда Ўзбекистон барқарор суръатлар билан ўсиб бораётган, кўп қиррали иқтисодиётга эга бўлган давлатга айланди. Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 9 баробар ортиб, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари барқарор равишда йилига 8 фоиздан юқори бўлмоқда.
Бугун юртимизда 88 мингдан зиёд ёш тадбиркор ва минглаб фермерлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Ёш тадбиркор ва фермерлар нафақат ўз оиласи фаровонлигига, балки Ватанимиз тараққиётига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Юзлаб янги иш ўринлари яратиб, ўз ака-ука, опа-сингилларини, тенгдошларини иш билан таъминламоқда. Ҳар йили касб-ҳунар коллежларининг юзлаб битирувчилари кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакиллари сафига қўшилмоқда.
– Корхонамизда 130 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётир, – дейди Қорақалпоғистон Республикасидаги “Стройвектор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, ёш тадбиркор Исломбек Панаев.– Бир неча йилдан буён қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз. Жорий йилда банкдан олинган 3 миллиард сўмлик сармоя эвазига чорвачиликни ривожлантиришга бел боғладик. Форум доирасида тенгдошларим билан қишлоқларда янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва битирувчилар иштирокида янги корхоналар фаолиятини йўлга қўйишга доир вазифаларни муҳокама қилдик.
– Фермер хўжалигимиз кўп тармоқли, – дейди Андижон вилоятидаги “Жонобод заминдори” фермер хўжалиги раҳбари, ёш фермер Азизбек Даминов. – Ўтган беш йил давомида хориждан 100 бош наслли қорамол олиб келдик. Балиқчилик, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантирдик. Кунига тўрт тонна сутни қайта ишлаб, 11 хилдаги маҳсулот тайёрлашни йўлга қўйдик. Жорий йилда ғалладан юқори ҳосилдорликка эришдик. Келгусида корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратишни мўлжаллаяпмиз.
Форум доирасида ўтказилган тадбирларда ёшларга оид давлат сиёсатини ҳаётга татбиқ этиш, ёш тадбиркор ва фермерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. “Бизнесда муваффақиятга эришиш омиллари” маҳорат дарслари уюштирилиб, Ўзбекистон ёш тадбиркорлари ва фермерлари эришаётган ютуқлар акс этган фотосуратлар ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.