Ёлғон хабар кимга ва нима мақсадда керак?
Яқинда ижтимоий тармоқларда “Жиззахда уйи бузилган одамлар чодирда кун кўрмоқда” сарлавҳали бир энлик қисқагина хабар ва унга қўшимча иккита сурат жойлаштирилди. Бу интернет фойдаланувчиларининг диққатини тортди.
Яқинда ижтимоий тармоқларда “Жиззахда уйи бузилган одамлар чодирда кун кўрмоқда” сарлавҳали бир энлик қисқагина хабар ва унга қўшимча иккита сурат жойлаштирилди. Бу интернет фойдаланувчиларининг диққатини тортди.
Хабарни айнан келтирамиз.
“ПАХТАКОР. “Барак типидаги уйлар пала-партишлик билан, аҳолининг ўз ҳисобидан буздирилди. Уйи бузилганларга компенсация берилмади. Айрим оилалар лой ва пахсадан уй тиклади. Айрим хонадонлар янги уй қуришга имкони бўлмагани сабаб ярим вайрона уйларда қолиб кетди. Кўпчилик эса чодирларда яшамоқда“. (Бу хабар “Озодлик“ка 18 октябрь куни келган)
Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида бўлаётган ўзгаришлардан бевосита воқиф бўлганим туфайли мен учун бу хабар кутилмаган воқеа бўлди. Жорий йил июнь ойида ЎзАда эълон қилинган “Обод қишлоқ” дастури: навбатдаги манзил – Пахтакор” сарлавҳали таҳлилий мақолам турли интернет сайтларида, радио ва газеталарда берилганди. Шундан сўнг қурилиш ишларининг боришини кузатиб, иш якуни ҳақида янада атрофлича мақола ёзишни ният қилиб турганимда бу хабар менинг чорбоғимга кимдир билдирмасдан бир арава ахлат ағдаргандек ёқимсиз эди.
Хабарнинг номаълум муаллифи ўзининг “Қиш эшик қоқмоқда, аҳоли совуқ кунларда қандай жон сақлар экан?!” деган “ташвиш“ ва “хавотири“га тажрибасиз ўқувчини ишонтириш учун янги қурилаётган уйлар орасида чодир акс этган иккита суратни ҳам илова қилган.
Шу ўринда ўқувчи тажрибасини назарда тутганим боис, сал синчковлик ва мулоҳаза билан назар соладиган кишида хабарнинг ростлигига шубҳа пайдо бўлиши аниқ. Аввало, ахборот олиш ва тарқатишнинг биринчи шарти бўлган хабарнинг манбаси кўрсатилмаган.
Майли, аноним хабар беришни бугун айрим ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган “касаллик”, деб қўя қолайлик. Аммо чоп этилган суратдаги яшил дарахтлар, ўт-ўланлар “Бу хабар “Озодлик“ка 18 октябрь куни келган” деган изоҳга мутлақо мос келмасди. Юртимизда дарахт япроғи олтин тусга кирганига анча бўлди. Буёғи куз-да, энди. Табиатнинг иши. Қолаверса, қурилиш майдонида ҳали яшил ўсимликнинг ўзи йўқ. Ахборот тарқатишда кўп йиллик ва катта тажрибага эга “Озодлик” “хабар”нинг муҳимлигини назарда тутиб, шундай “арзимас хато”га “эътиборсизлик” қилган бўлса, ажабмас. Асосий мақсад – ўқувчини ишонтириш! Бу мақсад қанчалик амалга ошганини хабар тагига қолдирилган постлар кўрсатиб турибди.
“Уйсизла кашшок камбагалла жуда купайяпди якинда Индияга ухшаб кучаладаям Буш жойла колмайди бу олга кадам Билан кетишда” (матн айнан келтирилмоқда – Т.Б.) деб муносабат билдирибди бир “куюнчак” ўқувчи.
Бу манзарага “холис гувоҳ”лардан бири “Тўғри ёзилган. Трассани четида палаткаларда ётишганди. Энди ҳаво салкин бўлгани учун ёш боласи борлари кариндошиникига, квартирага кўчишябди” деса, бошқа бири “Баҳорда бир ой ёмғир бўлди... палаткадагиларни аҳволини кўрганмиз... мана яна ёмғирли, совуқ кунлар бошланмоқда. Аҳоли, ёш болла ҳозиргача лойдан ғишт қуймоқда... қачон қурийди у ғиштла.. қачон кўтарилади иморат” дея ачиниш билдирган (матнлар айнанлиги сақланган – Т.Б.).
Содда шевада, оддий одамлар тилидан ёзилган бу изоҳлар хабарнинг ростлигига нисбатан тажрибасиз ўқувчида эмас, оқ-қорани таниган одамда ҳам ишонч уйғотади. Ушбу хабарни тарқатишдан мақсад ҳам шу – ОДАМЛАРНИ ИШОНТИРИШ!
Аслида аҳвол қандай?
Бугун бутун мамлакатимизда бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам туманлар маркази қайта қурилаётир. Мирзачўлни ўзлаштиришнинг дастлабки даврида – 1967 йилда барпо этилган туман марказида ўша пайтда қурилган барак уйлар ҳалигача бор. Чўлни ўзлаштиришга дастлаб келганлар учун қурилган бу уйлар чўлқуварларнинг бир неча авлодига бошпана бўлган.
Ўтган эллик йилдан зиёдроқ вақт давомида бу уйлар фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган. Аммо коммунал, маиший қулайликларга эга бўлмаган, кўриниши хароба ҳолга келган бу уйларда одамлар ҳамон яшаб келишди, ҳозирги кунда ҳам яшаётганлар бор.
Энди бундай уйларда яшаб бўлмаслиги, эскирган иншоотлар, тор кўчалар, ночор инфратузилма туман марказини қайта қуришни тақозо этаётган эди. Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар доирасида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”,
“Обод марказ” дастурлари асосида бу муаммо қандай ҳал этилаётганидан нафақат юртдошларимиз, балки қўшни мамлакатлар, ҳатто олис хорижда ҳам яхши билишади. Эътироф этишмоқда ҳам. Қолаверса, Дўстлик туманидаги буткул қайта қурилган Манас қишлоғини, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳрини кейинги икки йилда хориждан кўплаб одамлар келиб кўриб кетишди. Ўзгаришлардан ҳайрон эканини таъкидлашди.
Пахтакор туманида ҳам шундай ўзгаришлар кутилаётган эди. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Гагарин шаҳрида амалга оширилган ишлар билан танишиб, бу тажрибани барча туманларда қўллаш таклифини билдирди ва кўп ўтмай Пахтакорда ҳам ишлар бошлаб юборилди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 январдаги “Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармонида Жиззахда “Илғор ҳудуд” синов лойиҳасини амалга ошириш вазифаси белгилаб берилди ва барча туман марказлари каби Пахтакор тумани марказини ҳам янгилашга киришилди.
Шу эзгу мақсадда бошланган бунёдкорлик, янгиланиш ва ўзгаришлар пахтакорликлар ҳаётига янги мазмун олиб кирмоқда. Туман марказини янгилаш давомида 1960-1970 йилларда қурилган 56 та кўп қаватли, 88 та барак типидаги уй-жой кўчирилиши ва улар ўрнида кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилиши белгиланган.
Туман марказини бош режа асосида қайта қуришда, аввало, бараклардаги хонадонларни турар жой билан таъминлаш биринчи галдаги вазифа қилиб қўйилганини бу иш ҳудудий раҳбарларнинг ўзига ташлаб қўйилмасдан, Президент Администрацияси раҳбарлигида тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ташкилотлари билан биргаликда амалга оширилаётганида ҳам кўриш мумкин.
Ҳар бир хонадонни ўрганиш давомида барак уйларда истиқомат қилувчилардан 120 та оила янги барпо этилаётган кўп қаватли уйларга кўчиб ўтиш истагини билдирди. 880 та оилага якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиб берилди. Шундай қилиб, ярим асрдан зиёд ночор кулбаларда яшаб келган 950 оила янги турар жойлар билан таъминланаётир.
Бузиш қийин эмас, лекин қуриш вақт, маблағ, куч талаб қилишини ёш бола ҳам билади. Бу ерда эса қарийб мингта уйнинг қурилиши ҳақида гап бораётир. Янги уй қуришга ҳамманинг ҳам қурби етмаслиги аниқ. Шунинг учун Мирзачўлдаги тажриба қўлланилиб, баракларни бузишга ҳеч ким шошгани йўқ.
Янги уй қуриб, кўчиб чиқиб кетганлардан айримлари ўзларига тегишли баракни бузиб, эски қурилиш материалларидан фойдаланаётир. Кўпчилик участкаси бошида ҳокимият томонидан берилган чодирда яшаб, ёз давомида қурилишни якунлаб олди. Ҳозиргача учта янги массивдаги 470 та уйнинг томи ёпилиб, кўпида эгалари яшаётир.
Олтинкўл массивида июнь ойида бўлгандим. Ўшанда уй қаердаю кўча қаердалигини ажратиш қийин, ўйдим-чуқур, тошу шағал, ғишт орасидан юришнинг ўзи мушкул эди. Саноқсиз чодирлар тикилган бу жой манзараси ўша пайтда олинган суратларда сақланиб қолган. Чунки хомийлар томонидан бепул берилган чодирлар қурувчиларга иссиқда соя бўлди.
Чодирлар бугун ҳам бор. Янги уй қураётганлар улардан ҳали ҳам фойдаланаётир. Янги массивнинг марказида жойлашган учта чодирда эса, туман ҳокимлигининг қурилиш штаби жойлашган, маҳалла гузари қурувчилари ҳам шу ерда.
Ўтган тўрт ойдан кўпроқ вақтда бу ерда рўй берган ўзгаришлардан ҳайратинг ошади. Ҳозирнинг ўзида ушбу массивда қурилиши режалаштирилган 448 та уйдан 324 тасининг томи ёпилибди, қолганларида ҳам бу иш ниҳоясига етказилаётир. Томи ёпилган уйларнинг кўпчилиги пол, потолок ҳам қилиниб, эгалари кўчиб кирибди.
70 ёшни қоралаган Қаҳрамон Рустамовнинг оиласи катта. Ҳали бақувват, чайир мўйсафиддан “Озодлик”да берилган хабардаги каби аҳвол қаерда экани ҳақида сўраган эдик, ҳайрон бўлди. Отахон интернет нима эканини билмаслиги табиий. Аммо янги маҳаллада нима бўлаётганини яхши билади.
– Президентга, давлатимизга раҳмат. Ёрдам беряпти, болалар ўзи ишлаб қураяпти, – дейди мўйсафид. – 15 миллион сўмдан кредит, цемент, шифер, яна қанча ёрдам берди. Шунча йил 20 дан зиёд жон баракда тиқилиб яшаб келаётган эдик. Яратганга шукр, ҳозир ҳар биримиз ўз уйимизга эга бўлдик. Лекин сиз айтган нонкўрлик, яхшиликни ёмонлик дейишни бизнинг қавмимиз қилмайди. Мен бунга Яратганнинг олдида ҳам, виждоним олдида ҳам кафил бўла оламан. Бундай яхши ишларни кўрмаслик учун кўр бўлиши керак киши.
Қаҳрамон Рустамов каби 2 ва 3 тадан уй қураётганлар анча. Чунки бир уйда яшаб келган бир неча оиланинг ҳар бирига турар жой учун алоҳида ер берилган.
– Икки ўғлимнинг оиласи билан бир уйда яшар эдик, – дейди меҳнат фахрийси Фотимахон Нишонова. – Давлатимиз кўмагида янги массивда ёнма-ён иккита уй қуриб битказдик. Бу ерда яшаш учун яратилган шароитларни илгари ҳавас ҳам қилмаганмиз. Уй кенг, ёруғ, иссиқ. Электр, ичимлик суви ўтказилган. Баллонли газдан фойдаланяпмиз. Кўчамиз асфальт. Болаларимизнинг мактабга қатнаши учун автобус ажратилган.
Ким билан суҳбатлашманг, шундай фикрни эшитасиз. Чунки бу ерга ҳеч ким яхши шароитга эга уй-жойини ташлаб келган эмас. Агар яхши бўлганида кўчиб чиқишга ҳожат бўлмасди.
Энг муҳими, янги уй қурганларнинг ҳеч бири ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Янги уй қурувчиларга жами 5 миллиард 549 миллион сўмлик қурилиш материаллари, ишлар, хизматлар билан ёрдам кўрсатилди. Жумладан, уй қураётганларга 1 минг 548 машина шағал, 1 минг 170 тонна цемент, 35 минг 100 дона шифер, 750 дона стропилла, 4 минг 660 тонна тупроқ бепул келтириб берилди.
Ер майдони ўлчамлари бир хил бўлса-да, уйни ҳар бир хонадон соҳиби ўз орзуси, истаги, диди ва моддий имкониятига қараб қуради. Бу жиҳатлар ҳам ҳисобга олиниб, тижорат банки томонидан 214 фуқарога 3 миллиард 600 миллион сўмлик 16 фоизли кредит ҳам ажратилди. 102 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилаларнинг ҳар бирига 20 миллион сўмдан, жами 2 миллиард 40 миллион сўм моддий ёрдам режалаштирилиб, ҳозиргача ушбу кўмакнинг 1 миллиард 100 миллион сўми эҳтиёжмандларга берилди.
Албатта, яшаш учун фақат уйнинг ўзигина кифоя қилмайди. Янги уйлар қурилаётган 5 та массивда 5 та электр трансформатор пункти ташкил этилди. 266 та симёғочни ўрнатиш, 8,3 километр электр узатиш тармоғи торитиш учун 1 миллиард 263,5 миллион сўмлик иш бажарилибди.
1 миллиард 406 миллион сўмлик иш бажарилиб, 3,1 километрлик марказий, 15 километрлик ички тармоқлар тортилиб ичимлик суви келтирилганидан одамлар айниқса, мамнун.
Уй-жой қурилиши йиллаб чўзиладиган иш. Битгандан сўнг ҳам тугамайди. Шу оддий ҳақиқатдан келиб чиқиб хулоса қилинса, Пахтакор туманидаги янги массивларда қурилишнинг нечоғли тезкор бораётганини тушуниш қийин эмас. Энг муҳими, фақат уйлар эмас, Олтинкўл ва Олмазор маҳаллаларида 200 ўринли енгил конструкцияли тикувчилик цехлари қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани туфайли хотин-қизлар иш билан таъминланаётир. Шу мақсадда 230 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга қайта ўқитилди.
Маҳалла гузари битиш арафасида, мактабгача таълим муассасаси, савдо, хизмат кўрсатиш иншоотлари қурилаётир. Янги уйларга кўчиб ўтган аҳолининг 271 нафар боласи мактабга автобусларда қатнаб ўқимоқда.
Эзгу мақсадни кўзлаб амалга оширилаётган бундай катта ишларга аллақандай бир кўролмаснинг интернет тармоғидаги ёлғон хабари соя сололмайди, албатта. Агар биз қайд этган ишларга кимдир озгина бўлса-да, шубҳа қилса, марҳамат, Пахтакор туманига келсин, ўз кўзи билан кўрсин. Одамлар билан гаплашсин. Уйига кириб чой ичса ҳам ҳеч ким эътироз қилмайди. Халқимиз меҳмондўст, яхшини ҳам, ёмонни ҳам нари тур демайди. Шундай экан, онда-сонда бўлса-да, учраб қолаётган бундай ёлғон кимга керак ва ундан ким манфаатдор?