Ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги муаммолар ўрганилди
Уюшма томонидан ноанъанавий мойли хомашёлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида кичик мой ишлаб чиқариш модул цехи лойиҳаси ишлаб чиқилди.
“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси таркибидаги “Олимхон Шуҳратхон файз” корхонасида ёғ-мой саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси депутатлари, уюшманинг масъул ходимлари, корхона ишчи-хизматчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда асосий эътибор мамлакатимизда ёғ-мой саноатини ҳар томонлама ривожлантириш, тизим корхоналарини янги замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, соҳада ягона сиёсат юритилишини таъминлаш борасидаги масалаларга қаратилди.
Президентимизнинг 2019 йил 16 январдаги “Ёғ-мой тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва соҳани бошқаришда бозор механизмларини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан мойли хомашёларни қайта ишлаш, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни ягона комплексга бирлаштириш, тармоқни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Натижада ички бозорни сифатли, нарх бўйича рақобатдош ёғ-мой маҳсулотлари билан таъминлаш, ёғ-мой соҳасида фаол инвестиция сиёсатини юритиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ишларини тизимли амалга оширишга эришилмоқда.
Давра суҳбатида “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси томонидан ўтган вақт давомида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Жумладан, уюшмага аъзо корхоналар сони 2019 йилнинг 1 мартида 30 тани ташкил қилган бўлса, бугунга келиб улар 80 тага етказилди. Корхоналар томонидан 60 турдаги ва 200 дан ортиқ турдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилишига эришилди.
Уюшма томонидан ноанъанавий мойли хомашёлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида кичик мой ишлаб чиқариш модул цехи лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳага асосан яратилган модул цехи контейнерга жойлаштирилган бўлиб, кичик ҳажмдаги мойли хомашёни қайта ишлаш имконини яратади. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тизим бир ойда тўлиқ қувват билан ишлаганда ўртача 15-20 миллион сўмдан ортиқроқ соф фойда олиш имконияти мавжуд. Ҳозирги кунда 4 та ана шундай технологик тизим Афғонистонга экспорт қилинди. Келгусида ана шундай модул цехлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга етказиб берилиши кўзда тутилмоқда.
Уюшма томонидан жорий йил якунига қадар 3 триллион 210 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши белгиланган. Унинг экспорти ҳажми 15 миллион долларга етказилади. Инвестиция дастури доирасида 10 лойиҳа бўйича 27,6 миллион долларлик сармоя ўзлаштирилади. Бу борада ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баравар ўсишга эришилади. Натижада импорт ўрнини босувчи юқори қўшилган қийматга эга бўлган, йилига 10 минг тонна ўсимлик мой ишлаб чиқариш, сиғими 10 минг тонналик замонавий мойли хомашё сақлаш омборини барпо этиш лойиҳалари амалга оширилади. Ўзлаштириладиган инвестиция ҳажмининг 7 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ташкил этади.
Тадбирда мутахассислар томонидан ишлаб чиқариш ва маҳсулот сотиш борасида учраётган муаммоларга алоҳида тўхталиб, бир қатор таклифлар айтилди.
– Мамлакатимизда аҳолининг ёғ-мой маҳсулотларига бўлган кундалик эҳтиёжи 400 минг тоннадан ортиқни ташкил этаётган бўлиб, лекин биз 200 минг тонна ишлаб чиқарамиз, – дейди “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси бошқарма бошлиғи Қамар Серкаев. – Қолгани хориждан, асосан, Россиядан импорт қилинади. Ишлаб чиқариш қувватларимиз яхши бўлишига қарамай хомашё базаси чегараланган. Уни бартараф этиш борасида сўнгги йилларда ҳудудларда мойли ўсимликларни етиштириш кенгайтирилмоқда. 2019 йилда 51 минг гектар ерга шу турдаги экинлар экилган бўлиб, 2020 йилда бу кўрсаткични 85 минг гектарга етказиш режалаштирилган. Бироқ бу билан муаммони ечиб бўлмайди. Агар биз четдан тайёр маҳсулот ўрнига қайта ишловчи хомашё келтиришга кенг имконият яратсак, маҳаллий корхоналар фаолияти янада ривожланади.
Қайд этилганидек, четдан келтирилган хомашёни қайта ишлаш орқали аҳоли истеъмоли учун сифатли ва хавфсиз ёғ-мой маҳсулотлари, чорвачилик учун ем ишлаб чиқаришга эришилади. Бунинг натижасида гўшт ва сутнинг нархи ҳам арзонлашади.
Давра суҳбатида депутатлар томонидан соҳадаги бу каби билдирилган кўплаб муаммоларни тизимли равишда ўрганиб, тегишли қарор қабул қилинадиган бўлди.