Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яйра Абдулла – мухлислар меҳрини қозонган санъаткор
09:39 / 2021-05-29

Халқ меҳрини қозонган санъаткорлар мухлислари қалбида мангу яшайди. Ана шундай санъаткорлардан бири Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаевадир.

Кинематография агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ўзбекистон кино санъати музейида Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаеванинг хотира кечаси ўтказилди.

Тадбирда актриса билан боғлиқ қизиқарли воқеалар эсланиб, театр ва кинодаги ижодий фаолияти, умрининг сўнгги йилларидаги хотиралари ҳақида сўз борди.

Устоз санъаткор Яйра Абдуллаева 1930 йил 14 августда Тошкентда таваллуд топган. 1950 йилда Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаган ва ўша йилдан ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритган.

Актриса ижоди давомида “Бой ила хизматчи”, “Опа-сингил Раҳмоновалар”, “Алпомиш”, “Келгинди куёв”, “Шаббона”, “Жодугар”, “Зумрад ва Қиммат”, “Кичкина одамлар”, “Ўйин”, “О, Марьям, Марьям” каби фильм ва кўплаб спектаклларда ўзига хос ролларни ижро этиб, халқимизнинг олқишига сазовор бўлган. Ўзбекистон халқ артисти унвони, “Дўстлик” ҳамда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, Ҳамза номидаги халқаро мукофотга сазовор бўлган.

Тадбир доирасида Яйра Абдуллаеванинг архивда сақланаётган ноёб фотоларидан иборат видеоролик, шунингдек, ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Файзулло Яҳёев, ЎзА