Бир мурожаат изидан
Таҳририятимизга Қашқадарё вилояти Севаз қишлоғи аҳолисидан мурожаат келиб тушди. Унда таъкидланишича, қишлоқнинг тепа қисмида жойлашган, майдони тахминан 20 гектарга яқин яйловда аҳоли узоқ йиллардан буён майда ва йирик шохли молларини ўтлатиб келган. Лекин икки йилдан буён яйловга чегарадош ҳудуддаги фермер хўжалиги ишчилари яйловга аҳолининг чорва молларини киритмаяпти.
Мурожаатни ўрганиш мақсадида фотомухбир билан биргаликда айтилган манзилга етиб бордик. Кўринишидан бепоён кўринган бу яйлов лалми ҳудуд ҳисобланиб, асосан ёғингарчилик ҳисобига у ерда ўт ўланлар униб чиқади ва қишлоқ аҳолисининг таъкидлашича, шу ерда одамлар азалдан мол-қўйларини ўтлатиб келган.
Аҳоли вакилларининг фикрларини тингладик.
– Бу яйлов бундан 50 йил олдин ҳам халқники бўлган. Шу ерда қўй боқиб улғайганмиз. Ҳозир фермер эгаллаб олган, аҳоли молини боққани қўймаяпти, – дейди шу қишлоқлик Нарзулла Бобоназаров. – Халқ учун захира ер ташланган эди. Ҳеч ким бир сўм бер демаган. Суриштирдик, ҳокимликдагилар захира ер, дейди. Фермер эса менга қарашли, дейди. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Бўлди, ҳал қилиб берамиз, дейди, аммо натижа йўқ. Икки ойдан буён сарсонмиз. Олдин Гулбоғ қишлоғи чорваси ҳам чиқарди. Ҳозир улар чиқишмаяпти. Қишлоғимизда 500 бошдан зиёд қўй, 200 бошдан зиёд қорамол бор. Фермер ер менга қарашли, деб икки йилдан буён чорвамизни киритгани қўймаяпти.
– 40 бош қўйим бор. Уйда сақлаб бўлмайди уларни. Далага ўтлатиш, оёғини ёзиш керак. Фермер эса яйловга ўтгани қўймайди. Тортишсак, ўртада жанжал, – дейди Тоштемир Абдуллаев. – Ёшим 60 га етди. Лекин эсимни таниганимдан буён шу жойларда молимизни боққанмиз. Маҳалла раисига, туман ҳокимига учрадик. Муаммони ҳал қилиб беринг, дедик, кетаверинглар, ҳал қилиб берамиз, дейди, аммо натижа йўқ. Қоракўлчиликка ҳам бордик. Қачон борсак, идораси қулф. Қишлоқ аҳолисининг асосий тирикчилиги шу чорва ортидан. Шуни ҳисобидан фарзандларимизни ўқитяпмиз, тўй-ҳашам ва бошқа эҳтиёжларимизни қондиряпмиз. Ҳар бир хонадонда йўқ деганда 20-30 бош қўй бор. Тўғри, ер давлатники, шартнома қилиб берса, биз тўлашга розимиз. Шу чорвани боқиш орқали бандлигимизни таъминлаяпмиз. Президентимиз ҳам товуқ боқ, қўй боқ, деб доимо таъкидлайди. Биз қўй боқишга ўрганганмиз. Лекин ер масаласида қийналяпмиз. Бир одам бутун бошли қишлоқнинг чорваси ўтлашига тўсқинлик қилиб ўтирибди.
Ҳақиқатдан ҳам, қишлоқ аҳлининг асосий тирикчилиги чорвачиликдан. Лекин бугунги кунга келиб яйлов майдонларининг қисқариши эвазига уларнинг чорва молларини боқиш имкониятлари ҳам чекланмоқда.
Аҳоли чорвасининг ўтлашига қаршилик кўрсатаётган фермер чорвачиликка ихтисослашган “Қиличбек Шоир” фермер хўжалиги раҳбари Шоир Ражабов экан. Мурожаатни ўрганиш асносида фермер билан ҳам гаплашдик.
– Фаолиятимни қонуний олиб бораман. Ҳудуддаги “Китоб Шаҳрисабз Ҳисор” МЧЖ чорвачилик кластери билан иккиламчи ижара шартномаси тузиб фаолият юритяпман, – дейди Шоир Ражабов. – Ўтган йили ўша кластер билан тузган ижара шартномамиз ҳам ўлда-жўлда бўлиб қолди. Фуқаролар фойдаланяпти, лекин шартнома қилиб ерни менга берган. Шу боис фуқаролар билан ўртамизда келишмовчилик чиқяпти. Бу йил ҳам йилнинг бошида шундай шартнома тузганман. 1,5 минг бош “Ҳисори” зотли қўй-эчки бўйича гувоҳномам бор. 182 гектар яйлов ажратилган. Сувли ер йўқ. Бу яйлов 285-контурга киради.
Фермернинг фикрларига таянадиган бўлсак, ҳозир халқ фойдаланиб турган яйлов кластер корхонаси томонидан шартнома тузилиб, унга ижарага берилган. Фермер бизга фикрларини тушунтираркан, 2024 йил учун ҳам тузилган шартномасини кўрсатди.
Ушбу масалага алоқадор ҳужжатлар билан қизиқдик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган ва ушбу фармоннинг 7-бандида 2020 йил 15 октябрга қадар қоракўл зотли қўйларни кўпайтиришга мўлжалланган мавжуд яйловлар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигига ўтказилиши таъкидланган.
Хусусан, ушбу фармон ижроси доирасида 2020 йил 2 октябрда Китоб тумани ҳокимининг “Тумандаги мавжуд яйлов ер майдонларини Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигига ўтказиш тўғрисида”ги х-1729/10-сонли қарори ҳам қабул қилинган. Унга кўра, туман бўйича жами 40 минг 281 гектар ер майдони Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказиб берилган. Шундан 26 минг 863 гектар яйлов майдонига ўзгартиришлар киритилиб, кадастр паспортлари янгидан тайёрланган.
Фармон ижроси доирасида тумандаги ҳамма ҳужжатлар қоғозларда жой-жойига қўйилган бўлса-да, амалда тизим яхши ишламаяпти. Йўқса, юқоридаги каби чигал вазиятлар пайдо бўлмасди.
– Ушбу ер майдони 2020 йилга қадар қишлоқнинг чорваси ўтлайдиган жой бўлган. 2020 йилдан Президентнинг тегишли фармонига асосан тумандаги барча мавжуд 40 минг гектардан зиёд яйлов Қоракўлчилик қўмитасига доимий фойдаланиш учун ўтказиб берилган, – дейди Кадастр палатасининг туман бўлими топограф мутахассиси Аббос Очилов. – Шунга биноан туман ҳокимининг ҳам қарори чиққан. Қўмитанинг туманларда кластер корхоналари ташкил қилинди ва у кластер корхоналари фермерлар ва фуқароларга иккиламчи ижара шартномаси асосида яйловларни фойдаланишга бериб келмоқда. Бу ер майдони ҳақида гапирадиган бўлсак, қишлоқ аҳолисининг ўзи ҳам ижара шартномаси тузиб фойдаланиши мумкин эди. Ҳозир маълум бўляптики, фермер ўша кластер корхонаси билан ижара шартномаси тузган экан. Бу ерда ким ҳақ, ким ноҳақлигини ўша кластер корхонаси айтиши мумкин.
Ушбу мурожаат юзасидан туман ҳокимлиги масъуллари билан боғланишга ҳаракат қилдик. Туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарини тополмагач, қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассиси Акром Зайниддинов билан боғландик. Масъул билан юзма-юз кўришишга муваффақ бўлмасак-да, телефон орқали гаплашдик. Унинг таъкидлашича, ушбу ер халққа тегишли, фермер тузган шартнома ноқонуний, кластерга ҳам тегишли эмас. Зайниддиновнинг айтишича, хариталар нотўғри чизилган. У ернинг контури 285қ контур эмас балки 293-контурга қарашли.
Бу фикрларни исботловчи далилларни сўраганимизда, масъул тайинли ҳужжатларни тақдим қила олмади, афсуски...
Зайниддиновнинг бу фикрлари эса масаланинг ечимини янада чигаллаштирди. Яна ўрганишлар, изланишлар, қарама-қарши фикрлар.
Шу боис яна туманга боришимизга тўғри келди. Бу сафар маҳалла идорасида йиғилдик. Унда кластер корхонаси раҳбари, туман ҳокимлигининг ер ресурслари бўйича масъули, қаршилик кўрсатаётган фермер ва яна аҳоли вакиллари билан узоқ суҳбатлашдик. Кластер раҳбари ва туман масъуллари ўн кун ичида ушбу масалани ижобий ҳал қилиб беришга ваъда беришди.
Айтилган муддат ўтгач кластер раҳбари билан боғландик.
– Тўғри, фармонда ҳаммаси кўрсатилган, лекин жойига бориб ўрганганимизда контурлар белгиланган жойга тўғри келмаяпти. Шунинг эвазига англашилмовчиликлар келиб чиққан, – дейди “Китоб Шаҳрисабз Ҳисор” МЧЖ чорвачилик кластер корхонаси раҳбари Муҳаммадсодиқ Қиёмов. – Ҳар йили ижара шартномалари қайта тузилади. Биз ҳам аввало аҳолининг манфаатини кўзлаб иш юритамиз. Ўша баҳсли жой бўйича қайта ўрганиш олиб бордик ва аҳоли билан ҳам, фермер билан ҳам келишиб олдик. Аслида ўша жой аҳоли учун мол- қўйларини суғориш ва кейинги яйловларга ҳайдаб ўтиш учун зарур эканлиги аёнлашди. Шуни ҳисобга олиб баҳсли ернинг тепа томонидан 50 гектар атрофидаги ерни белгиладик ва фермерлар билан келишган ҳолда аҳоли чорвасини суғориш учун ва кейинги далага ўтиши учун йўл ҳам ажратдик. Насиб этса, бир неча кун ичида ижара шартномаларини тузиб, расмийлаштириб берамиз, муаммо бўлмайди.
[gallery-15868]
Хуллас, масала ижобий ҳал бўлди, дейиш мумкин. Лекин бир мулоҳаза. Мамлакатимизда Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг моҳиятида халқни рози қилиш устувор аҳамият касб этади. Шундай экан, маҳаллий идоралар аввало бирон масалага ёндашаётганда аҳолининг манфаатларини биринчи қўйиб, муаммога ечим изланса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлаймиз.
Мухтасар айтганда, қишлоқ хўжалигида фермер хўжаликлари ташкил бўлганидан кейин чорва учун яйловлар масаласида жойларда айрим муаммолар пайдо бўлаётгани ҳам бор гап. Мамлакатимиз бозорларини гўшт маҳсулотлари билан тўлдиришга салмоқли ҳисса қўшаётган Қашқадарё вилоятида бу борада аҳвол қандай?
Кейинги мақоламиз шу мавзуда бўлади.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари