Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яхшиликни тарғиб қилиш учун ақл-заковат, меҳнат, қунт ва хоҳиш керак
20:03 / 2022-03-04

Ривоятларга кўра бир сахий инсон чўлда от миниб кетаётган экан, оч-наҳор қолган инсонга кўзи тушиб қолибди. Унга нон-сув бериб, отига миндириб олибди. Қорни тўйган кўрнамак эса сахий инсонни отдан тушириб, ўзи отни миниб қочиб кетибди.

Шунда сахий инсон унга қарата «Қилган яхшилигимдан мингдан-минг розиман. Аммо бу ишингни шаҳарга бориб одамларга асло айта кўрма. Улар «дунёда яхшиликка ёмонлик қайтар экан», деб, асло яхшилик қилмай қўйишади, деган экан.

Бугунги кунда ОАВ мана шу каби сахий инсонлар ҳақида эмас, балки отни олиб қочиб кетган кўрнамаклар ҳақида кўпроқ ёзмоқда. Чунки яхшиликдан кўра, ёмонликни ёритиб, «шон-шуҳрат»га, «Яхши журналист мана шу», деган номга эришиш осонроқ бўлиб қолгандек. Хусусий ТВлар, сайтлар, ижтимоий тармоқларга кўз югуртиринг, қуйидаги мавзуларга тўлиб кетган:

«Хотин эрини ўлдириб, ҳожатхонага кўмди...», «Қайнота келинига шилқимлик қилди...», «Ўқувчи қиз зўрланди...», «Ёш бола ўғирлаб кетилди...», «Ўз боласини сотган она...»

Санасак, уч нуқталар давом этаверади. Жиноятларнинг оқибатлари ҳақида кўп гапирамиз. Хўш, сабаблари нимада? Бу саволга мутахассис-психологлар жавоб бергани маъқул. Аммо бу каби жиноятларнинг урчиб кетишида қисман ОАВ вакиллари ҳам айбдордек.

«Жиноятлар ҳақидаги хабарлар кимлар учундир ўқув қўлланма бўлиб қолмаяптимикан», деган хаёлга бориш мумкин. Фалсафада онг остида онг бор, дейилади. Унга ўрнашиб қолган фикрдан асло воз кечиб бўлмайди. Ўша фикр онгингизга ўрнашиб қолдими, албатта амалга оширгингиз келади. Масалан, ТВда қайнотанинг келинига шилқимлик қилганини кўрган бошқа бир қайнота, келинига қараганида ўша воқеани эслаб қолиши мумкин.

Қандайдир ёмон ишни бажармоқчи бўлсангиз, гўёки қилмишимни ҳеч ким билмайди, деб ўйлайсиз. Аслида «қинғир ишнинг қийиғи» 40 йилда эмас, 40 кунда ошкор бўладиган замонда яшаяпмиз.

Ижобий ишлар ёритилар экан, «Францияда ундоқ экан....», «Америкада бундоқ экан....», «Туркияда бу ишни қилишмас экан...», «Арабистонда ундоқ ишдан уялар экан...» деган мисолларни ўқиб қоламиз. Ҳой, барака топгурлар ўзбекларда ҳам шунақа ишлар «анқони уруғи»га айланмаган, ўзбеклар ҳам савобли ишларни қилишда бардавом. «Хорижнинг хўрозқандидан ўзимизнинг хўрозқанд афзал», дегим келади.

Телевидение, радио, матбуот, сайт, ижтимоий тармоқларда ёмонликлар ҳақида маълумот бериш учун катта меҳнат сарф қилишнинг ҳожати бўлмай қолди. Аммо, яхшиликни тарғиб қилиш учун ақл-заковат, меҳнат, қунт ва хоҳиш керак.

Таъкидланганидек, ҳозир ахборот майдони салбий ҳодисаларга тўлиб кетган. Аммо, бир нарса кўнгилни кўтарди. 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан мамлакатимизда журналист аёлларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилишига кўмаклашиш, эришган ютуқларини эътироф этиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида анъанавий ўтказиб келинган «Атиргул» танлови қайта тикланди. 

Танловда юздан ортиқ журналист, ахборот хизмати ходималари ва журналистика соҳасида илмий тадқиқот олиб бораётган олималар ўз ижодий ишлари билан иштирок этди. Ғолибларни аниқлаш мақсадида махсус ҳайъат ташкил этилди. 

Ҳайъат аъзоси сифатида гувоҳ бўлдимки, ғолибларни аниқлаш анча мураккаб бўлди. Журналистикада ўз ўрнини топган опа-сингилларимиз ижобий воқеаларни зерикарли тарзда эмас, балки маҳорат билан, ишонарли тарзда ёритганига яна бир бор амин бўлдим. 

20 нафар журналистнинг юздан ортиқ мақоласи билан танишиб чиқдим. Газета-журналларда аёл журналистларнинг ўқувчини фикрлашга, мушоҳадага ундайдиган хабар ва мақолалари кун сайин кўпайиб бораётганига гувоҳ бўлдим. 

Аслида уларнинг ҳар бири «Атиргул»га муносиб. Аммо ғолибларга ажратилган ўрин саноқли. Номзодлар орасидан энг муносибларинигина танлаш лозим эди. Аёл журналистлар қаламига мансуб материалларни ўқиш жараёнида англаш мумкинки, вилоятларда ўз касбига садоқатли, халқ дардини кўтариб чиқа оладиган, кучли журналистлар кўп экан. 

Мақолани бежизга ривоят билан бошламадим. Одамларга ёқадиган кўрсатув ёки эшиттириш тайёрлаш, мақола ёзиш – машаққатли иш. Хотин-қизлар эркаклардан қолишмасликка ҳаракат қилиб, мураккаб мавзуларга дадил қўл урмоқда. 

Масалан, радио ва телевидениеда долзарб мавзуларда лавҳалар тайёрлаётган, ток-шоулар ташкил қилаётган аёлларга ҳавас қиламиз. Кончилар, деҳқонлар, ишчилар, ўқитувчилар, ҳатто фаррошлар ҳаётига бағишланган ёки ўз қаҳрамонларининг қиёфасини очиб берадиган кўрсатувлар тайёрлаётган аёл журналистларимиз кўпайиб бормоқда.

Аёл ҳамкасбларимизнинг меҳнати миллий журналистикамиз ривожига ҳисса бўлиб қўшилаётганини алоҳида эътироф этиш ўринлидир.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Халқаро шарҳловчилар кенгаши раиси