Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яхшиликлар қилиб чарчамаган ижодкор ёди
17:07 / 2024-07-30

Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев таваллудининг 90 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Нормурод Нарзуллаев ижодида Ватан, истиқлол, ўзбекона анъана ва қадриятлар, эзгулик, беғубор туйғулар тараннуми устувор ўрин эгаллайди. Устоз шоир сўзлари билан куйланувчи қўшиқлар машҳур хонандалар томонидан маромига етказиб ижро этилиши билан бирга халқимизнинг кўнгил мулкига айланган.  

 –Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида атоқли шоир Нормурод Нарзуллаев таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланаётгани бежиз эмас, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид. – Зеро, Нормурод аканинг ижодида жонажон Ўзбекистонимиз, унинг ҳурлиги ва ободлиги, меҳридарё, оддий одамлар бош мавзуни ташкил этади.  

[gallery-18499]

 –Нормурод аканинг жуда ажойиб бир одатлари бор эди, – деди шоир Азиз Саид. – Улар тадбирларда, анжуманларда ҳамманинг кайфиятини бир зумда кўтариб юбориш қобилиятига эга эдилар. Яхшилик қилишдан чарчамайдиган, бағрикенг, ниҳоятда хушмуомала, меҳрибон инсон эдилар. Кимнингдир кўмакка муҳтожлигини билиб қолсалар, сўраб ҳам ўтирмасдан  қўлларидан келганича ёрдам қилиб юбораверадиган даражада олижаноб инсон эдилар. Уларнинг бу фазилатлари ҳозирги ижодкорлар учун чин маънода ибратдир.  

 –  Шу тадбирга йиғилганларнинг аксарияти Нормурод акани бугун яна бир бор ўзича кашф этгани аниқ, – деди таниқли тележурналист Муҳаббат Ҳамроева. – Яқинда телевидениеда “Унутмоқ осонмас” номли катта бир маърифий лойиҳага қўл урдик. Устоз Хуршид Даврон тавсияси билан Нормурод Нарзуллаев ҳақида фильм яратишга муваффақ бўлдик. Табиийки, бу бизга катта масъулият юклайди. Нормурод акадек ижодкорнинг самимий, оқкўнгил, чин маънодаги дарёдил инсон эканини оддий  мухлислар ҳам яхши билишига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Инсон жисман бу дунёни тарк этиши мумкин, лекин у руҳан доим тириклар орасида бўлади. Зеро, “Ўлди – кетди, деманглар, эслаганда тирикмиз!” деб бекорга айтмаган шоир.    

 –Отам ҳаётда армони йўқ инсон эдилар, – деди шоирнинг қизи Норҳол Нарзуллаева. – Муҳаббатга асосланган оила, фарзандлари, неваралари қуршовида эдилар. Оллоҳдан у кишига катта истеъдод ато этилган эди. Отамнинг энг катта ғурури – халқдан, оддий оиладан чиққанлари билан жуда фахрланардилар.  

 Адабий анжуманда Нормурод Нарзуллаев одамлардан фақат ва фақат эзгулик қидирган, инсонни мудом улуғловчи, оташқалб шоир, дилбар шеърлари билан халқимиз қалбидан ўрин олган ижодкор экани алоҳида эътироф этилди.  

 Нормурод Нарзуллаев 1934 йил 7 июлда Қашқадарё вилоятининг Касби туманида туғилган. Охунбобоев номидаги Қарши педагогика билим юртини (1948), Самарқанд педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини тугатган (1956). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари (1974), шу уюшмада котиб (1976—81), «Ёш гвардия» нашриётида бош муҳаррир (1981), «Камалак» нашриёт-матбаа бирлашмасининг бош муҳаррири (1991-96), шу нашриёт директори (1996-97), «Янги аср авлоди» нашриёт-матбаа марказида бош муҳаррир (1997 йилдан) бўлиб ишлаган.  

 Шоирнинг ижодий фаолияти 1954 йилдан бошланган. Илк шеърий тўплами — «Суюнчи» (1965). Нормурод Нарзуллаев «Зарафшон зарлари» (1970), «Уфқларда кўзларим» (1973), «Лаҳза ва ларза» (1973), «Ёғду» (1974), «Нигоҳлар» (1976), «Севги сеҳри» (1981), «Яхшилик деб яшайман» (1987), «Аник вақт» (1989), «Қалбим қатралари» (1994), «Оқ фариштам, оппоқ фариштам» (1995) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи. «Амир Темур ҳақида қўшиқ» асари тарихий мавзуга бағишланган.  

  Нормурод Нарзуллаевнинг болаларга атаб ёзган «Ватан сени эркалаб» (1966), «Шамол ушлаган бола» (1985), «Бош майдон» (1990) асарлари болалар дунёси, уларнинг беғубор олами ҳақида. Нормурод Нарзуллаев асарларида замон ва макон бирлиги, дунё ва давр тушунчаси улуғланади, юксак фуқаролик, самимият, бурчга садоқат, Ватанга муҳаббат, жонажон ўлка табиатига мафтункорлик туйғулари етакчи ўринни эгаллайди. Нормурод Нарзуллаевнинг кўп шеърлари қўшиққа айланган.  

Дунё адабиётининг Г.Гейне, Е.Евтушенко, Қ.Қулиев, И.Юсупов сингари таниқли намояндалари асарларидан таржималар қилган.  

Оташнафас шоир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1984), «Шуҳрат» медали билан мукофотланган (1998). Ўзбекистон халқ шоири (2002) унвонига сазовор бўлган эди.  

Тадбирда шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз борди. Таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари янгради.  

Назокат Усмонова,  

Ойбек Пардаев (сурат),  

ЎзА