Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яхшиликка бахшида умр соҳибасининг ёди
12:53 / 2024-08-29

Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида юрт тақдири учун жон куйдирган, ёш истеъдодлар тарбиясида доим олдинги сафда бўлган ижодкорлар хотирасини ёд этиш савоблидир. Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова ана шундай жонсарак, бир сўзли, ҳам тўғри сўзли, меҳрибон, Ватани, юртдошлари тақдири учун жон куйдирган, тиним нелигини билмаган, заҳматкаш, фидойи ижодкор эди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида халқимизнинг ардоқли ижодкори хотирасига бағишлаб «Умр яхшиликка сафар бўлсайди» номли маърифий анжуман бўлиб ўтди.

Хотира тадбирига адиб ва шоирлар, мунаққидлар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, адабиёт мухлислари таклиф этилди.  

Анжуман доирасида Ёзувчилар уюшмасида заҳматкаш шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, фотосуратлар кўргазмаси ташкил этилди.  

Энахон опа бугун агар ҳаёт бўлганларида табаррук 70 ёшни қаршилаган бўлар эди. Шоиранинг уйғоқ, самимий, изтиробли сатрлари шеърият мухлисларини бефарқ қолдирмайди. Энахон Сиддиқова мушфиқ она, жонкуяр ва меҳрибон устоз, юртини, халқи чексиз муҳаббат билан севган ижодкор эди.  

Тадбир давомида Энахон Сиддиқова ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди.  

Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо, сенатор Гулнора Маърупова, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, адабиётшунос Сувон Мелиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Фароғат Худойқулова халқимизнинг ардоқли шоираси Энахон Сиддиқова ҳаёти, ижоди, серқирра фаолияти хусусида атрофлича фикр билдирди.  

– Энахон Сиддиқова ижодда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам доим фаол эдилар, – деди устоз ижодкор Маҳмуд Тоир. – Унинг юксак ташаббускор ҳаракатлари, сиёсий жараёнлардаги тиниқ сўзи ижодкор аёлнинг салоҳиятидан, маърифат зиёсидан дарак беради. 

– Энахон Сиддиқованинг «Она» достонини ўқиб чиққанимда унинг бетакрор ижодкор эканини яна бир бор кашф этганман, – деди адабиётшунос олим Сувон Мели. – Унинг ижодининг энг чўққиси ҳам она ҳақида ёзган асарларидир.  

Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, Энахон Сиддиқова 1954 йил 28 августда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. 1976 йилда Фарғона давлат педагогика институти (ҳозирги Фарғона давлат университети)нинг филология факультетини тамомлади. Меҳнат фаолиятини 1976 йилда ўқитувчиликдан бошлаб, Олтиариқ ва Фарғона туманларидаги мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, мактаб директори бўлиб ишлаган. Кўп йиллар Фарғона тумани ва Фарғона вилояти ҳокимликларида масъул вазифаларда ишлаб, хотин-қизларнинг турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, оила, оналик ва болаликни ижтимоий ҳимоя қилиш, баркамол авлод тарбияси йўлида фаоллик кўрсатган. Халқ орасида истеъдодли шоира, жонкуяр жамоатчи сифатида танилди. Унинг кўп йиллик ижодий изланишлари маҳсули бўлган, эл-юртимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғуси маҳорат билан тараннум этилган «Қоракўз турналар», «Кўнглим уфқлари», «Сўз устидаги дунё», «Эъзозли аёллар», «Она ҳақида қўшиқ», «Барханларда унган гул» сингари ўнлаб асарлари китобхонлар қалбидан жой эгаллади.  

Энахон Сиддиқова 2001 йилдан умрининг поёнигача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлимига раҳбарлик қилди. У вилоятда адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш, жойларда илм-фан ва китобхонликни кенг тарғиб этиш орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш борасида самарали иш олиб борди. Юзлаб ёшларга устозлик қилиб, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда ташаббускор бўлди. Айниқса, Фарғона вилоятида Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ ўзбек шоири Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишда чинакам жонбозлик кўрсатди.  

Устоз ижодкор 2015 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси сифатида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда парламентаризм тизимини ривожлантириш, ижтимоий ва маънавий тараққиётимиз учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта ҳисса қўшган эди. Энахон Сиддиқованинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ва «Дўстлик» орденларига сазовор бўлган эди.  

Хотира кечаси давомида Энахон Сиддиқова томонидан Фарғона шаҳрида ташкил қилинган «Олтин қалам» ижодий тўгараги аъзолари иштирокида мушоира бўлиб ўтди. Таниқли санъаткорлар ижросида шоира шеърлари асосида яратилган қўшиқлардан иборат бадиий дастур намойиш этилди.  

Маърифий анжуман якунида Энахон Сиддиқованинг қизи Нигора Маннопова онасининг ижодига, хотирасига бўлган эътибор ва эътирофдан миннатдор эканини билдирди.  

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА мухбирлари