Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Буюк мутафаккир ва азиз авлиёлар хоки қўним топган, осори-атиқалар файз бағишлаб турадиган Самарқанд бугун яна дунё диққат марказида бўлмоқда. Жаҳондаги энг нуфузли тузилмалардан бири – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига 2022 йил 15–16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳри мезбонлик қилмоқда.
Инсоният тарихида катта ўрин тутадиган ва халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётган Самарқандда илк бор бундай йирик халқаро тадбирнинг ўтказилаётгани, албатта, бутун диёримиз аҳли учун катта фахрдир. Унда 15 давлат етакчиси, ўндан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари, дунёнинг кўзга кўринган эксперт ва сиёсатшунослар мазкур саммитда иштирок этиши кутилмоқда.
Давлатимиз Раҳбарининг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак даражада эътироф этилаётган ушбу мақолага кўплаб хорижий нашрлар муносабат билдирмоқда. Хусусан, Кувайтнинг етакчи «Ал-Анба», «Ал-Наҳор», «Таймс Кувейт» газеталарида Давлатимиз Раҳбарининг фикрларига оид ижобий чиқишлар эълон қилинди.
Мақолада қайд этилганидек, ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашиши айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим. Аниқ далилларга асосланган ушбу мақолада «Бундай мураккаб шароитда бир ҳақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас», деб таъкидлаган давлатимиз раҳбари.
ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИЧА РУҲИ ВА МУЛОҚОТНИНГ ЎЗГАЧА ҚИЁФАСИ
Ўтмишдан маълумки, ҳеч бир давлат ҳамкорларсиз тинчликни асраб-авайлашга тўла эриша олмайди.
Шу маънода Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида яхши натижаларга эришилганини алоҳида таъкидлаш баробарида Самарқандда Ташкилот фаолиятининг янги босқичи бошланишига, ҳамкорликнинг янги амалий кўринишларига тамал тоши бўлишига ишончимиз комил. ШҲТ саммити олдидан Давлатимиз Раҳбарининг матбуотда эълон қилинган мақоласида қадим-қадимдан Самарқанд одамларнинг тинч ва фаровон яшаш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлгани алоҳида қайд этилди.
«Бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир одам, яхши қўшни, бу – Худо инсонга ато этган бахтнинг бир бўлаги эканини, тинч-тотув қўшничилик эса баракот манбаи эканини чуқур англаган, – деб ёзади Давлатимиз Раҳбари. – Зеро, ҳамкорлик, савдо, ижод, илм-фан ва санъат, инсоний ғоялар устувор бўлган жойда эзгуликлар кўпаяди, халқлар фаровон ва ўзаро аҳил яшайди. Бугун замонавий ва жадал ривожланаётган инфратузилмаларга эга бўлган Самарқанднинг бундай ноёб жиҳатлари уни минтақавий ва глобал хатарларни биргаликда муҳокама қилиш, бу борада зарур ечимларни излаб топиш учун энг қулай ва мақбул майдонга айлантирмоқда».
Мақолада дунёнинг турли жойларида давом этаётган қуролли можаролар савдо-инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасида муаммолар янада кескинлашиб бораётгани ҳақида долзарб фикр билдирилган. Бу каби муаммоларни ҳеч бир давлатнинг якка ўзи ҳал этолмаслиги, бунинг учун бирдамликда ўзаро келишиб, жипслашиш кераклиги қайд этилган. Чунки ҳар қандай муаммо ва масалани биргаликда, жипслашиб ҳал қилиш лозим.
Дунёда кузатилган пандемия давридаги ҳолат ҳам ҳаммага маълум. Мамлакатлар ёрдам қўлини чўзиши, айниқса, давлатлар бир-бирига инсонпарварлик ёрдамлари ила аҳолини қўллаб-қувватлашлари янада каттароқ кулфатлардан сақлашга омил бўлди.
Дарҳақиқат, Ислом динида ҳам минг йиллардан бери қоида бўлиб келаётган яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш, ёмонлик ва гуноҳда бир-бирига ёрдам бермаслик диннинг асосий ғояларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..» (Моида сураси, 2-оят).
Демак, яхши ва эзгу ишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳамда гуноҳ ва адоватга сабаб бўладиган ишларда бошқаларга ёрдам бермасдан, балки уларни тўғри йўлга бошлаш – динимиз талабидир.
Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ҳақда бундай деганлар: «Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир» (Имом Термизий ривояти). Ислом наздидаги ҳамкорлик инсониятга фақат саодат келтиради. Агар инсонлар шу ҳамкорликни амалга оширсалар, ўзлари орзу қилаётган тараққиёт ва бахт-саодатга эришадилар. Мўмин-мусулмонлар ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга саъй-ҳаракат қилади.
Улуғ саҳоба Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси садақадир. Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик — эҳсон. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшилик, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшилик, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади”, деганлар.
Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўриши, ёмонликлардан тийилиши ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлиши керак. Айниқса, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани биродарларига ҳам илинишни яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир.
Таъкидлаш жоизки, инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар асосий эътиборни ҳамжиҳатликка қаратишлари лозим. Зеро, бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мана шундай кенг қамровли ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида дунё майдонига чиқди.
ТИНЧЛИКНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ...
Ўзбекистон минтақада тинчликни сақлаш борасидаги ташаббусларнинг доим олдинги сафида бўлиб келган. Айниқса, бугунги замонавий дунёда қўшни Афғон муаммоси давлатимизнинг доимий эътиборида. Мазкур мақолада ҳам муҳтарам Президентимиз ушбу муаммога тўхталар экан, «Бугун ШҲТ доирасида шаклланган мана шундай ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир», дея таъкидлади.
Қайд этиш жоизки, ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш ШҲТнинг барча аъзолари учун долзарб масаладир. Афғонистон билан ўзаро муносабатлар, жафокаш афғон халқига ҳар томонлама ёрдам беришни кучайтириш билан боғлиқ барча масалалар ҳамон долзарб бўлиб турибди. Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидан бири, бу – тинчлик.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар кўпроқ нимани дуо қилиб сўрашни савол қилишганда, ул зот: «Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар», деган сўзлари бу неъматлар нечоғли муҳим эканига далолат қилади. Яна бир ҳадиси шарифда Расули акрам алайҳиссалом бундай деганлар: «Ким оиласи тинч, тани саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга гўё дунё тўлиғича берилибди» (Имом Бухорий ривояти).
Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик-осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди: «Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара сураси, 208-оят).
Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳамда мустаҳкамлаш масаласи ШҲТ олдида муҳим вазифа бўлиб турибди.
Айтиш керакки, мазкур саммитни ўтказиш учун Самарқанднинг танланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Шубҳасиз, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти самарадорлигини ошириш билан тарихнинг янги саҳифасини очади.
Президентимиз: «Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган» деганларида айни шу омилларни назарда тутди. Яхши қўшничилик, дўстлик ва очиқлик муҳитида минтақавий ҳамда глобал ривожланишнинг долзарб масалалари муҳокамасини кўзда тутадиган «Самарқанд руҳи»да ўзининг яққол ифодасини топган.
ШҲТ саммити арафасида буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий номи билан боғлиқ меъморий мажмуа улуғ зотнинг Ислом оламида тутган мавқеи ва салоҳиятига мос тарзда қайтадан бунёд этилмоқда. Давлатимиз Раҳбари ушбу нуфузли саммитга тайёргарлик жараёнларини кўздан кечириш чоғида дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишлари, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилиниши халқимизнинг азалий қадриятларининг амалдаги яққол ифодасидир.
Аллоҳ таоло мана шундай савоби улуғ ишлар ва эзгу дуолар баракотидан мазкур нуфузли саммитни бутун дунё халқлари учун муваффақиятли ўтишини насиб этсин.
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий