English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яхшилик ва эзгу амаллар учун яшаш нақадар завқли
16:00 / 2025-05-21

Пискент туманидаги “Култепа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ижтимоий ходим Муниса Шерматовада фуқароларга нисбатан инсонпарварлик, ғамхўрлик ва фидойиликни кўриш мумкин.

Маҳаллада ҳозир 1 минг 66 та оила, 4 минг 530 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ижтимоий ходим М.Шерматова ўз фаолияти давомида ҳар бир хонадондан хабардор бўлиш, айниқса, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган, ёлғиз ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам беришни асосий вазифаси деб билади. У нафақат маълумот йиғиш билан чекланмай, балки ҳар бир мурожаатга шахсий эътибор билан ёндашади, зарур ҳолларда бошқа ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда муаммоларга ечим топади. 

Иккинчи гуруҳ ногирони Сербаҳор Абдуқодирова ҳаётнинг қийин синовларидан ўтган, сўзлаша олмайдиган, инсульт ва инфарктни бошдан кечирган бу инсон ҳозир ижтимоий ходимнинг кўмаги билан ҳаётга қайта ишонч билан қарамоқда. У  Муниса Шерматова ёрдамида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтди. Қариндошлари билан алоқалар тикланди, бу эса ижтимоий қўллаб-қувватловнинг энг муҳим жиҳатларидан бири. Ҳомийлар ёрдами асосида ҳасса билан таъминланди. 

Шу билан бирга, у санаторийда дам олиш ҳуқуқига эга бўлди ва 669 минг сўм миқдорида компенсация олиши таъминланди. Шу билан бирга бепул дори-дармон таъминланиши йўлга қўйилди. Ижтимоий ходим ассистенти бириктирилгани сабаб кундалик эҳтиёжлари енгиллашди. Булар оддий хизматлар эмас, балки бир инсоннинг ҳаётини қувонч, меҳр ва эътибор билан тўлдираётган ёндашув натижасидир. 

Бу Муниса Шерматованинг фаолияти мисолида бутун маҳалла ҳаётида ижобий ўзгаришлар сари туртки бўлаётганидан далолатдир. У ҳар куни бир неча хонадонга кириб, уларнинг дардини тинглайди, имконият топиб ёрдам кўрсатади, керак бўлса, идоралар эшигини ҳам тинч қўймайди. Аслида ёрдам  фақат моддий кўмак эмас. Бу қулоқ солиш, юрак билан ҳис қилиш, меҳр билан ёндашиш демак. 

Муниса Шерматова каби фидойи ходимлар бор экан, ўксик дилларда ҳаётга теран нигоҳ билан боқувчи инсонлар сафи ортиб бораверади. Зеро, эрта кунга инсондан фақат яхшилик ва эзгу амаллар қолади. 

А.Мусаев, ЎзА.