Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яхшидур яхши киши, ҳаргиз ёмонлиқ кўрмасун”
10:40 / 2023-02-10

Ўзбек халқи маънавияти, маданият ва адабиёти тарихида февраль ойи алоҳида бир файз ва мавқега эга. Баҳор ташрифини яқинлаштирадиган ана шу ойнинг биринчи ярмида халқимизнинг икки буюк фарзанди – Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунёга келган. Ҳаётда ҳам, бадиий ижодда ҳам Навоийга эргашиш, улуғ сўз санъаткорининг йўлини муносиб ҳолда давом эттириш биринчилардан бўлиб Мирзо Бобурга насиб этган. Ундан сўнг адабиётимизга кириб келган ҳар бир истеъдод фикр-савияси, маслак ва эътиқоди даражасида Навоий ижод мактабидан сабоқ олиб қалам тебратган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг дилбар шеърияти, “Бобурнома” номли тарихий-мемуар асари, миллат бирлиги йўлида олиб борган курашли ҳаёт йўли билан тарихда ўчмас из қолдирган. Адабиётшунос Иброҳим Ҳаққул “Бобур биз учун  энг ёрқин, энг маҳобатли бир юлдуз. Бу юлдуз ҳам жуда олис, ҳам беҳад юксак. Унинг завқбахш  нури ҳеч қачон сўнмайди. Ана шу мусаффо нур бизу сизнинг онг ва идрокимизни  ёриштиришга хизмат қилади”, деб Мирзо Бобур шахсиятига юксак баҳо берган.  

Жорий йилнинг 25 январида “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” ги Президент қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда ижод аҳлига алоҳида эътибор, шунингдек, миллатимиз маънавий юксалиши, ёш-авлод қалбида комиллик уруғларини ўсиб унишида Бобур ижодиётига эҳтиёж нечоғлик муҳимлигининг ёрқин далолатидир. Қарорда кўрсатилганидек, “Жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда”.  

Қарорда Мирзо Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни таъмирлаш, шоир меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, санъат асарлари ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли даражада сақлаш учун зарур шароит яратиш, хорижда сақланаётган ноёб қўлёзмалар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ҳамда тадқиқ қилиш, шунингдек, ўзбек, рус ва инглиз тилларида “Бобур энциклопедияси” нинг тўлдирилган учинчи нашрини яратиш, “Бобур” китоб-альбоми, Бобур асарлари луғати, шоир девонининг мукаммал нашрини чоп этиш ҳамда “Бобурнома” асарининг замонавий ўзбек ва қорақалпоқ тилларига табдилини яратиш каби бир қатор вазифалар белгиланган.  

Албатта, амалга оширилиши кўзда тутилган бу каби муҳим вазифаларнинг қуйилиши бугунги кунда Бобур ижодининг нафақат туркий тилли давлатлар, балки жаҳон адабий, маданий ва тарихий ҳаётида бетакрор из қолдирган сиймо экани билан аҳамиятлидир.  

Бугун Янги Ўзбекистон деб аталмиш юртимизда Бобур ва бобурийлар тарихи, маданияти ва илмий меросини ўрганиш юксак поғонага кўтарилмоқда. Айниқса, бу борада Андижонда қилинаётган ишларни алоҳида таъкидлаш лозим. Истиқлолимизнинг илк кунларида бир гуруҳ олимларнинг Бобур изидан юриб қанча-қанча шаҳар кезиб, қанча-қанча азоблар чекканидан хабаримиз бор.  

Адабиётшунос олим Рустамбек Шамсутдинов Андижонда “Бобур” номидаги халқаро илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш таклифини илгари сурмоқда. Сабаби, ҳақиқатда Бобур таваллуд топган юртда унинг тарихи ва меросини ўрганиш, дунё илм-фани ва маданиятига муносиб ҳисса қўшган сулола фаолиятини тадқиқ қилиш айни муддао. Бунинг устига Бобуршунослик бўйича Андижон мактаби ҳам борки, унинг олимлари дунё зиёлилари орасида Бобурнинг ҳақиқий ўзбек фарзанди эканлигини, Андижонда туғилиб, тарихий зарурат туфайли олис юртларда юрганда ҳам она юрти Андижон соғинчи билан яшаганини дунёга таратиш вақти етди. Бу борада, олим ва тадқиқотчиларни бир жойга жам қилиб, Бобур меросини адолат нуқтаи назаридан ўрганадиган ва айни пайтда ўргатадиган халқаро институтнинг пайдо бўлишини халқимиз зўр янгилик билан қарши олиши аниқ.  

Шу ўринда яқинда институтимизга ташриф буюрган Ҳиндистоннинг Деҳли университети, Мавлоно Озод университети олимлари, айниқса, Ҳиндистонни Ўзбекистондаги элчиси ҳамда Ўзбекистондаги Ҳинд маданият маркази раҳбари Шекҳар жаноблари билан ҳам айнан Бобур ва унинг мероси ҳақида анча суҳбатлашганимиз ёдимга тушди.  

Ўшанда улар билан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолияти, бобурийларнинг Ҳиндистон давлатчилиги ва маданиятга қўшган ҳиссаси ҳақида анча суҳбатлашган эдик. Суҳбат давомида ҳақиқатдан Ҳиндистонда Бубур ва бобурийлар даври “Буюк мўғуллар империяси” номи билан тарихга битилганлигини таъкидлашганда, мен уларга Бобурнинг ўзбек ва темурий авлод эканлиги, бу ғоя хато эканлигини исботлаб берган эдим. Шунда меҳмонлар ҳақиқатда Бобурнинг ўзбек эканлиги, Андижонда туғилганлигини бот-бот такрорлашди.  

Умуман олганда Бобур ва бобурийлар тарихи – буюк бир уммон. Шоҳ ва шоирликда, олим ва адолатда кўпларга ўрнак бўлган буюк бобокалонимизнинг шонли тарихини билиш ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.  

 

Ҳуршид ҚУРБОНОВ,  

Навоий давлат педагогики институти  

Ёшлар масалалари ва маьнавий маьрифий  

ишлар бўйича биринчи проректори,  

тарих фанлари номзоди, доцент

Зариф ҚУВОНОВ,  

Навоий давлат педагогика институти доценти,  

филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)  

ЎзА