English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Яхшидир аччиқ ҳақиқат»
16:37 / 2022-07-15

Гулчеҳра опа Умарова фаол, фидойи, заҳматкаш, ростгўй, гап келганида отасини ҳам аямайдиган журналистлардан.

Айни пайтда у миллий санъатимизнинг миридан сиригача пухта эгаллаган қаламкаш, десак сира муболаға бўлмайди.  

Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Гулчеҳра Умарованинг «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» деб номланган китоби тақдимоти бўлиб ўтди.  

Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, атоқли журналист Аҳмаджон Мелибоев, Бастакорлар ва композиторлар уюшмаси раисининг ўринбосари Ҳабибулла Раҳимов, Бадиий академия раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов, Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири Салим Ашуров ва бошқалар мамлакатимизда ижод аҳли доим эътибор ва эъзозда экани, кейинги йилларда бу борадаги ишлар янада янги, юксак босқичга кўтарилганини таъкидлади.  

Моҳир журналист Гулчеҳра Умарова қирқ йилдан ортиқроқ вақт мобайнида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимиз маданий ҳаётида кечаётган ҳар бир воқеа ва ҳодиса, янгиликлар, ўзгариш ва янгиланишлар, маънавий-маданий ҳаётимиздаги оғриқли ва муаммоли жиҳатлар устоз журналист Гулчеҳра Умарованинг ижодий фаолиятида, мақолаларида, телекўрсатувлардаги муносабатида ғоят куйинчаклик, изтироб билан, теран таҳлил асосида акс эттирилган, десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимизда миллий маданиятимиз, санъатимиз, журналистикамизга дахлдор инсонлар борки, бари Гурчеҳра опани ана шу холис ва ҳаққоний сўзи, адолатли ёндашуви сабабли ҳурмат қилади. Унинг мақолаларини катта қизиқиш билан мутолаа қилади, доимий кузатиб боради.  

[gallery-7934]

Гулчеҳра Умарованинг «Яхшидир аччиқ ҳақиқат» деб номланган ушбу китобда муаллифнинг миллий маданиятимиз, санъатимиз, маънавиятимизга оид куйинчак фикр-мулоҳазалари, таҳлил ва кузатишлари ҳамда санъат дарғаларининг ҳаёт йўлари ва ибрат мактаблари ҳақидаги мақолалар жамланган. Тўпламдан лавҳа, эссе, мақола суҳбатлар ўрин олган. «Дидни бузишга ҳаққимиз борми?», «Биз билган ва билмаган ҳофиз», «Санъатшунос лоқайд бўлмаслиги керак», «Кино маънавиятга хизмат қилиши керак», «Эзгуликнинг ойдин йўли», «Бахтга бурканган аёл» кабилар шулар жумласидандир.  

Тақдимотда сўзга чиққан адабиётшунослар, журналистлар тўпламнинг моҳияти ва муаллифнинг ижодий изланишлари ҳақида гапирди.  

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга янада ўзгача файз бағишлади. Тадбир сўнггида муаллиф Гулчеҳра Умарова сўзга чиқиб, тўплам борасида билдирилган фикр-мулоҳазалар учун йиғилганларга миннатдорлик билдирди.

Н.Усмонова, ЎзА