Давлатимиз раҳбари жорий йил 8 октябрда Сирдарё вилоятига ташрифи давомида таълим соҳасида қилиниши керак бўлган ишларга алоҳида тўхталиб, хусусан, Финландия таълими дунёда рақобатга чидамли тизим эканини таъкидлаб ўтган эди.
Дарҳақиқат, Финландия таълим тизимининг муҳим асоси ўқувчиларга ёдлаш орқали билим бериш эмас, балки уларни фикрлашга ва шу орқали юзага келган муаммони мустақил ҳал этишга таёрлашдан иборат. Бунда асосий эътибор аниқ ва табиий фанларни пухта ўзлаштириш, олинган билимни реал кўникма асосида мустаҳкамлаш, ҳаётда қўллай олиш имкониятини кенгайтиришга қаратилгани билан долзарб аҳамият касб этади.
Президентимиз топшириғи асосида мазкур давлат ўқув стандарти юртимиз умумтаълим мактабларининг 1-4-синфларига жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар доирасидаги илғор ташаббусларни рўёбга чиқаришда кенг жамоатчилик вакиллари фикр-мулоҳазаси, соҳа мутахассислари билими ва тажрибасидан фойдаланиш жуда муҳим.
Шундан келиб чиқиб яратилган “talim2023” алоқа канали орқали таълим тизимини ислоҳ қилишда фаол иштирок этиш истагини билдирган 6 мингга яқин ўқитувчининг аризаси қабул қилинди. Республикамизнинг барча 14 ҳудуди кесимида энг кўп ариза жўнатган мактаблар танлаб олинди. Ушбу таълим масканларида 2023 йил январь ойидан 1-4 синфларда Финландия масъул идоралари томонидан сифат белгиси билан қайд этилган замонавий дарсликлар синовдан ўтказилади. Тажрибада 4 минг нафардан зиёд ўқувчи иштирок этиши кутилмоқда.
Бундан ташқари 6 мингга яқин ўқитувчи учун ҳудудлардаги малака ошириш марказлари ҳамда синов ўтадиган майдончаларда алоҳида ўқув ташкил этиб борилади. Жараёнда иштирок этадиган мактаблар ва ўқитувчилар билан кейинги 2 ой давомида алоҳида дастур асосида иш олиб борилади.
Ҳозир лойиҳанинг биринчи босқичи сифатида бошланғич синф ўқитувчилари учун махсус малака ошириш курси йўлга қўйилган. Пойтахтимиздаги 191-умумтаълим мактабида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 14 мактабнинг 139 нафар бошланғич синф ўқитувчиси малака ошириш курсида ўқимоқда.
Бу педагогларга фан ўқитиш методикаси, баҳолаш мезони, ўқув жараёнида электрон ва рақамли ресурслардан фойдаланиш бўйича маълумот бериляпти. Хусусан, ўтган уч кун давомида 1-4-синфлар учун "Математика", "Информатика" ва "Тарбия" фанларини ўқитиш услуби бўйича интерфаол дарслар ташкил этилди.
6 та ўзбек, битта рус, жами 7 гуруҳда ташкил этилган машғулотда, асосан, коллаборация, коммуникативлик, креативлик ва танқидий фикрлаш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кўзланган мақсад — ўқитувчида ишга ижодий ёндашиш, ўқувчининг танқидий фикрлаш қобилиятини шакллантириш кўникмасини ҳосил қилишдан иборат.
- Бугунги ўқув семинарида Финландия тажрибасининг ўзига хос жиҳатини ўрганяпмиз, ўқитиш услубини ўзлаштириш, таҳлил қилиш, керакли жиҳатларни дарс жараёнига жорий этишга доир маълумотларни оляпмиз, - дейди Хива шаҳридаги 9-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Ёрқиной Аҳмедова. - Янгича услубда яратилган дарслик ўқувчини изланишга, ижодий ёндашувга, креатив ва мантиқий фикрлашга ундайди. Айниқса, “Алифбе” дарслигига сезиларли ижобий ўзгариш киритилган. Китобдаги ҳар бир дарс учун жонлантирилган материаллар, слайдлар бизга жуда ёқди. Бу ҳам ўқитувчи, ҳам ўқувчи учун қизиқарли бўлиши баробарида, ҳар икки томон учун қулайлик яратади. Масалан, бутунлай ўзгача шаклда намоён бўлган математика дарслиги ҳар бир чорак учун алоҳида китоб тарзида чиқарилган. Янги дарсликда ўқувчининг хоҳиш-истаги алоҳида инобатга олинади. Яъни, уйга вазифа сифатида берилган мисолларни ўқувчи хоҳлаганини ечиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, янги дарслик ва яхши тажриба тўғри қўлланса, мактабларимизда дарс сифати яхшиланади, ўқувчи-ёшларда фикрлаш қобилияти ривожланади. Энг асосийси, уларда дарсга қизиқиш ортади.
Маълумот ўрнида айтиш керак, 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан биттадан, жами 14 мактабнинг 139 та 1-4 синфида Финландия таълим тизими тажриба-синов тариқасида жорий этилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА