Инсоният жами яратиқлардан онги ва мулоқот қила олиш лаёқати билан ажралиб туради. Бугунги кунга қадар айнан шу орқалигина бутун жамият шаклланиб, тараққий этиб келмоқда. Психологларнинг фикрича, кишини шахс сифатида шакллантирувчи асосий омил бу мулоқот.
Таъкидлаш жоизки, сўзнинг инсонга таъсири ақлга сиғмас даражада. Шунинг учун ҳам бизнинг миллий тарбиямизда хушмуомалаликка алоҳида аҳамият берилади. Бироқ, тили билан кишилар қалбига озор берувчилар доим учраб туради. Улар билишмайдики, бир қалбнинг озорланиши нақадар улкан оғриқлигини. Шунинг учун ҳам уларга эл орасида ҳурмат билан қаралмайди.
Гарвард университети олимлари етмиш йил давомида бир масала устида бош қотирадилар. Қандай инсонлар энг бахтли саналади? Бунинг учун минглаб одамлар билан тадқиқод ишлари олиб борилган. Албатта, хулоса қандайдир ғайритабиий бўлиши керак деган тасаввур уйғонади кишида. Негаки, бу давр мобайнида тадқиқод учун 250 миллион доллар сарфланади. Ишонинг, натижа ҳар биримизни ҳайрон қолдиради. Маълум бўлишича, инсонлар билан яхши муомалада бўладиганлар энг бахтли саналаркан.
Кўриниб турибдики, инсон одоби билан гўзал. Хушмуомалалик эса одобнинг гўзал кўринишидир.
–Албатта, инсонни азиз қиладиган нарсалардан бири унинг сўзидир. Кишилар билан ўрнатиладиган муносабатлар, муомала одоби масалалари доно халқимизнинг доим эътибор марказида бўлган. Бунинг исботини халқ оғзаки ижоди намуналари - мақоллар, достонларда кўрамиз. Қолаверса, улуғ мутафаккирларимиз яратган дурдона асарларда ҳам сўз ва унинг таъсири, суҳбат одоби ҳақида олтин фикрлар жамланган,– дейди фольклоршунос олим Абдумурод Тиловов.
Хулоса қилиб айтганда, жамиятимиз тараққиёти фақат бирликда. Бунга эса аввало атрофимиздагилар билан ўрнатадиган яхши муносабатимиз, муомаламиз билангина эришмоғимиз мумкин. Зеро, давлатимиз раҳбари илгари сураётган сиёсат ҳам бирлашиб, қудратли кучга айланишдир. Шундай экан, бир-биримиздан ширин сўзни аямайлик. Зотан, яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан пичоқ қинидан чиқар.
Шербек Исломов, ЎзА