Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилмоқда
09:28 / 2024-10-23

Аввал хабар берганимиздек, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида воҳадаги тижорат банкларининг жорий йил 9 ойида амалга оширган ишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир доирасида журналист ва ижтимоий тармоқ фаоллари учун пресс-тур ҳам ташкил этилди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида бўлиб, Марказий Осиёда ҳозирча муқобили йўқ замонавий мажмуа ва бу ерда мижозларга банк хизматлари кўрсатиш жараёнлари билан яқиндан танишди.  

Эркин савдо зонаси 36 гектар майдонда бунёд этилган. Қиймати 70 миллион долларга тенг лойиҳа Афғонистон, Покистон ва бошқа мамлакатлар тадбиркорларига саноат, истеъмол товарлари савдоси ҳамда экспортини ўстиришда муҳим ўрин тутади. Мажмуага йилига 1,5 миллион киши келиши, унинг йиллик савдо ҳажми 1 миллиард 200 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, ўзбек-афғон халқлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада яхшилаш ва ривожлантириш орқали яхши қўшничилик муносабатларини таъминлашга хизмат қилаётир.  

Савдо марказида яратилган имтиёзлар доирасида барча чет давлат фуқароларига Ўзбекистонга кириш визасисиз 10 кун марказда бўлиш ва чиқиш имконияти берилган. Мультивалюта, яъни Ўзбекистон сўми билан бирга АҚШ доллари, евро, Россия рубли ва юань қабул қилиш тизими жорий этилган. Марказ ҳудудига келувчи барча товарлар божхона тўловларисиз жойлаштирилади ва чиқарилади. Ҳудудда турли давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилган. Шунингдек, мажмуада “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси, “Akfa Medline” замонавий тиббиёт мажмуаси, “Central Asia University” бизнес мактаби, йирик савдо маркази, ресторан, хостель, йилига 900 минг тонна юк айланмаси қувватига эга йирик логистика маркази, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилган. Майдони 50 минг квадрат-метр бўлган мингта савдо дўкони, бир йилда 100 минг юк машинасини қабул қилиш қувватига эга автотураргоҳ қурилган. Афғонистондан келувчилар учун Мозори Шариф шаҳридан ҳар куни автобус қатнови йўлга қўйилмоқда.  

Марказга келувчилар учун банк хизматлари кўрсатиш ҳам жорий этилган. Шу ерда журналист ва блогерларга “Миллий банк” ва “Саноатқурилишбанк”нинг банк хизматлари марказлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.  

– Банк хизматлари марказлари мижозларга 27/7 режимида хизмат кўрсатмоқда, – дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Азамат Ражабов. – Банкоматлар ўрнатилмоқда. Марказлар орқали жорий йилнинг савдо зонаси иш бошлагандан буён 415 минг АҚШ доллари айирбошланган бўлса, 132 та корхонага ҳисоб рақам очилди. Уларнинг 31 таси резидент ва 101 таси норезидент корхоналардир.  

Пресс-тур қатнашчилари савдо зонасида бўлиб турган афғонистонликлар билан суҳбатлашди.  

– Амударёнинг нариги қирғоғида яшайман. – дейди Диловар Қосим. – Бу ерда тадбиркорлигимни йўлга қўйиб, ижарага дўкон олмоқчиман. Афғонистондан маҳсулот келтириб сотишни йўлга қўймоқчиман. Бунинг учун марказда барча шароит бор экан. Хизматлар кўрсатиш яхши йўлга қўйилибди. Бу савдо зонаси, нафақат икки қўшни мамлакатнинг савдо алоқаларини ривожлантиришга, балки азалий дўстлик алоқаларимизни ҳам янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бизга бундай имконият яратган Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирамиз.  

Таассуротларга бой бўлган тадбир иштирокчилари халқаро савдо маркази ҳудудидаги “Hilton Garden Inn” меҳмонхонаси, “Akfa Medline” замонавий тиббиёт мажмуаси, “Central Asia University” бизнес мактабида ҳам бўлиб, бу ердаги шароит ва қулайликлар билан танишиб қайтди.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири