Тошкент вилоятида йил бошидан буён 1200 нафардан ортиқ ёшларнинг ҳар бирига 20 сотихдан 50 сотихгача ер майдонлари ажратилди. Хусусан, Оққўрғон туманида Президентимизнинг 2022 йил 10 сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан “Ёшлар дафтари” да турувчи ҳамда эҳтиёжманд оила вакилларининг 518 нафарига 30 сотихдан ер майдони ажратиб берилган эди. Ҳозир далаларда иш қизғин. Берилган имкониятдан самарали фойдаланиб ёшлар турли сабзавот ва дуккакли экинлар парваришламоқда.
– “Ёшлар дафтари” мавжуд муаммоларни ўрганиш, ёшлар таклифларини қўллаб-қувватлаш борасида самарали тизимга айланди, – дейди Оққўрғон тумани “Гулистон” маҳалласида яшовчи Абдулазиз Иброҳимов – Айниқса, қишлоқ хўжалиги тармоқларида кўплаб йигит-қизларнинг бандлиги таъминланяпти. Мен ҳам ишсиз эдим, авваллари кунбай меҳнат қилганман. Энди эса ўз ерим бор. Мавсумда етиштирган ҳосилимдан 40-50 миллион сўмгача даромад олишни мўлжаллаяпман.
Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида ҳам оилавий даромадига ҳисса қўшишга интилаётган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг айримлари хонадонида чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланаётган бўлса, баъзилари имтиёзли кредит асосида иссиқхоналар қуриб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиряпти. Шунингдек, йигит-қизларга дала экинларини экишда маслаҳат бериш учун тажрибали агроном ва фермерлар ҳам бириктирилган. Бу орқали ёшларнинг вақтинча деҳқончилик билан шуғулланиши эмас, балки уларни қишлоқ хўжалигига ихтисослаштириш, соҳада етарли тажрибага эга бўлган мутахассислар қилиб тарбиялаш мақсад қилинган.
А.Мусаев,
ЎзА.