Муносабат

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим соҳасига катта маблағ ажратилаётгани, инфратузилмалар қурилаётгани ва устозларга моддий рағбат кўрсатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устамалар жорий қилинган. Ҳозирда, бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи 8-12 миллион сўм маош олаяпти.
Аммо, давлат раҳбари таъкидлаганидек, иш ҳақи қанча кўпаймасин, тоифа, малака, методика ва дунёқараш ўзгармаса, натижа бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, куни кеча мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари таълим соҳасини инсон капитали асосида трансформация қилишга алоҳида эътибор қаратди. Бу ислоҳотлар, биринчи навбатда, педагог-кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш тизимидан бошланмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам таълимда сифат бўлиши учун энг аввало педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими бунга тайёр бўлиши керак. Шу боис, Низомий олийгоҳи – Миллий педагогика университети сифатида таянч олийгоҳ, унинг ректори эса бир вақтнинг ўзида кадрлар тайёрлаш бўйича вазир ўринбосари этиб белгиланди. Ҳудудлардаги 12 та педагогика олийгоҳи ҳам ММТВ тизимига ўтказилди. Бундай ёндашув педагог-кадрлар масаласида талаб ва таклифнинг бир бирига мутаносиб равишда шаклланишини таъминлашга хизмат қилади.
Таълимда сифат бўлиши учун энг аввало педагогларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими бунга тайёр бўлиши керак. Эндиликда педагог, талаба ва ўқувчилар билим ва кўникмасини баҳолашнинг ягона тизими яратилиб, мустақил бўлган Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази ташкил қилинди.
Қарс икки қўлдан чиқади. Шу боис, таълим жараёнида ўқувчилар масъулияти ва уларнинг бўш вақтини тўғри ва мазмунли ташкил этиш муҳим. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда эса турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кеча ва учрашувлар уюштирилиши, албатта, ўз самарасини кўрсатади.
Йиғилишда давлат раҳбари томонидан бу масалага ҳам алоҳида эътибор қартилиб устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун 900 га яқин театр, маданият марказлари ва концерт заллари, ҳудудларда 1,5 мингга яқин спорт майдончалари, 200 та оромгоҳ, 2 мингдан ортиқ туризм объектлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Бунинг учун жойлардаги амфитеатр ва сайилгоҳларда ҳар куни концерт ва мусиқа кечалари ўтказиш, маданият ва истироҳат боғларида санъат кўргазмалари, шеърият кечалари ва интеллектуал ўйинлар ташкил этиш топширилди.
Шунингдек, ёзги оромгоҳларда ёшлар “Ибрат фарзандлари”, “Қизлар академияси”, “Мутолаа” лойиҳалари билан қамраб олинади. 100 минг ўқувчи учун мактабларда “кундузги оромгоҳ” фаолияти йўлга қўйилади. “Рақамли авлод” лойиҳаси доирасида камида 50 минг ёш ўқитилиб, ҳудудларда IT ва киберспорт турнирлари ўтказилади. Бунда “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси бўйича туман ва вилоят танловлари ўтказилади. “Менинг маҳаллам – менинг фахрим” лойиҳаси доирасида ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича 100 минг ёш волонтёрликка жалб қилинади.
Хулоса қилиб айтганда, таълим соҳасидаги ислоҳотлар марказида муаллим билан биргаликда ёшларимизнинг ҳам борлиги мен каби барча ота-оналарни қувонтиради. Зеро, “Ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақти” деган нақлни унутмаслик лозим.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА