Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Бухоро вилоятидаги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, уларни экспорт қилувчилар ва чет эл платформаларида фрилансерлик билан шуғулланувчи ёшлар фаолияти билан танишди.
Бухоро вилоятида IT соҳасида билимли, интилувчан ёшлар кўп. Жумладан, Бухоро шаҳар 2- умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Амир Афаков стартап лойиҳалар танловида 1-ўринни эгаллаб, IT-Парк томонидан тақдим этилган 30 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди. Ҳозирда у тенгдошлари билан IT тадбиркорлик фаолиятини бошлади. “USTECH TEAM” МЧЖ ташкил этиб дастурлаш бўйича ўқув курслари очди.
IT Парк резиденти Vokhidov IT Academiyasi – Академия IT таълим ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиб, уларни экспорт қилиш йўналишда фаолият юритади. Академия асосчиси Шухрат Воҳидовнинг асосий мақсади Бухоро вилоятида ҳам масофадан туриб юқори маошли касб эгалари кўп бўлишини таъминлаш, вилоятнинг иқтисодий ва экспорт салоҳиятини ошириш.
– 2023 йилда экспорт кўрсаткичларини яхшилаш режалаштирилган, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Алижон Яхшиев. – Ҳозирда Москва шаҳридаги кўп тармоқли клиниканинг веб сайти ва платформасини яратиш бўйича 25 минг долларлик шартнома имзоланган. АҚШ ва Швеция давлатларидаги ҳамкорлар билан дастурлаш йўналишида БПО лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бундай ёшлар Бухорода жуда ҳам кўп албатта. Бундай иқтидорлар Бухоронинг IT соҳаси бўйича брендини яратишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Вазир бухоролик дастурчилар билан учрашувда уларнинг билим кўникмалари юқори эканлигини қайд этди. Юқори даромадли лойиҳалар асосан чет элда эканлигини, шунинг учун экспорт билан шуғулланиш орқали ички бозорга нисбатан бир неча баробар кўп даромад топиш мумкинлиги юзасидан ўз фикрларини билдирди. Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда ахборот технологиялари соҳаси муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Ёшларни иш билан таъминлаш, экспорт кўрсаткичларини яхшилаш, Ўзбекистонни Марказий Осиё IT хабига айлантириш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклади.
Маълумот учун, вилоятнинг шаҳар ва туманларида ташкил этилган ўқув марказлари ҳамда IT-Park таълим йўналишида фаолият юритувчи резидентлар томонидан 16 минг нафарга яқин тингловчилар “Компьютер саводхонлиги”, “Веб дастурлаш”, “Мобиль дастурлаш”, “График дизайн”, “Робототехника”, “Киберспорт”, SMM ва “IT-Еnglish” каби турдош йўналишлар бўйича таҳсил олиб, тегишли сертификатларга эга бўлди. Жорий йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 30 мингга етказиш кўзда тутилган.
Зариф Комилов,
ЎзА