Индонезиянинг Марказий Ява оролидаги икки минтақада юз берган йирик кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 30 кишига етди, дея хабар берди мамлакат Табиий офатларни юмшатиш агентлиги.
Ўтган ҳафта Чилачап шаҳрида, дам олиш кунлари Банжарменегара минтақасида кучли ёмғир туфайли кузатилган кўчкидан сўнг 21 киши бедарак йўқолган.
Қутқарувчилар пайшанба куни энг кўп зарар кўрган ҳудудларда етти кишининг жасадини топган. Ҳозирча 18 нафар инсоннинг тақдири номаълум. Бу маълумот агентлик вакили Абдул Муҳарий баёнотида келтирилган.

Унинг сўзларига кўра, кўчкидан ўнлаб уй шикастланган, 900 дан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган. Айни пайт камида 700 қутқарувчи, жумладан полиция ва ҳарбий хизматчилар эксковаторлардан фойдаланиб, жабрланганларни қидиришда давом этяпти.
– Иш жараёнида жиддий тўсиқларга дуч келяпмиз, – дейди Муҳарий. – Масалан, лойқа вайрона билан тўлган, тинимсиз сув тўпланаётган ҳавзалар қидирувга халақит беради, ёмғир эса кейинги кўчки хавфини туғдиради.
Расмийлар қутқарув жараёни муддатини кейинги ҳафтагача узайтирди. Қарийб 400 нафар фуқаро кўчирилган.
Метеорология хизмати маълумотига кўра, Индонезиянинг сентябрь ойида бошланган ёмғирли мавсуми апрелгача давом этади. Демак, ҳали кўп ҳудудларда сув тошқини, кучли ёғингарчилик хавфи бор.
М. Пирматова, ЎзА