Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшнободда қурилиши бошланган объектда яна 16 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланди
12:51 / 2022-11-19

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маълум қилишича, Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги қурилиш объектида дарахтлар ноқонуний равишда кесиб ташланган.

Қайд этилишича, тумандаги «Илтифот» маҳалласи ҳудудидаги қурилиш объектида дарахтларнинг ноқонуний кесилаётгани бўйича мурожаат келиб тушган. Мазкур маълумотга асосан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Яшнобод туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ички ишлар бўлими ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиш ўтказилган.  

Ўрганишлар давомида қурилиш ташкилоти ҳудуди кўздан кечирилганда 16 туп турли қимматбаҳо бўлган дарахтларнинг ноқонуний равишда таг қисмидан кесиб ташлангани маълум бўлган.  Ушбу ҳолат бўйича «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддаси талаблари бузилиб, ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилгани аниқланган.  

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 3 миллиард 514 миллион 200 минг сўмни ташкил этмоқда. Ўрганиш натижаси бўйича тўпланган материаллар тегишли тартибда расмийлаштирилиб, туман прокуратурасига тақдим этилган.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бундан сал олдинроқ, жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги «Янги Ўзбекистон» боғи рўпарасида дарахтлар ёндирилиб, кесиб ташланган.  

Шунингдек, ушбу ҳудуд «Мусамухамедова-Джураева Дилфуза» фермер хўжалиги майдони бўлиб, унда жами 533 туп, шундан 2 туп ёнғоқ, 446 туп олхўри, 83 туп терак дарахтлари номаълум шахслар томонидан ёқиб юборилгани аниқланган.  

Ҳолат юзасидан Яшнобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.  

 

ЎзА