Эрон Ислом Республикасига ишчи сафари билан ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Теҳрон атрофида жойлашган «Пардис» технопарки (технологиялар шаҳри) билан танишди.
«Пардис» технопарки 2002 йилда ташкил этилган. Майдони 110 гектар бўлиб, янги технологиялар яратиш учун техника соҳасидаги дунёдаги сўнгги ютуқларни тадбиқ этиш, илмий-тадқиқот марказлари томонидан яратилган ишланмаларни тижоратлаштириш, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқараётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, саноатнинг юқори технологик соҳаларини ривожлантириш каби мақсадларни ўз олдига қўйган.


Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги «Яшнобод» инновацион технопарки ва Эрон Ислом Республикасининг «Пардис» технопарки ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Имзоланган меморандум доирасида «Пардис» технопарки томонидан ишлаб чиқариладиган асбоб-ускуна ва технологияларнинг трансферини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Бундан ташқари, «Пардис» технопаркида фаолият юритаётган инкубацион марказлар ва «Яшнобод» инновацион технопарки ўртасида «Бизнес-инкубатор» лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа натижасида ёшларимизнинг инновацион тадбиркорлик бўйича билим олишлари кутилмоқда, бу Ўзбекистонда стартап лойиҳаларни ривожлантиришга кўмак беради.

