Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости ходимлари ва ДХХ Чегара қўшинлари ходимлари ҳамкорлигида қўшни давлатдан кириб келган фуқаро бошқарувидаги “Киа Бонго” русумли юк автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилди.
Назоратдан ўтказиш вақтида автотранспорт воситасининг юкхонаси том қисмига товар-моддий бойликлар яширилганлиги аниқланиб чуқурлаштирилган тартибда кўрикдан ўтказилди. Натижада автомашина юкхонаси том қисмида махсус ясалган хуфия жойга божхона назоратидан яшириб мамлакатимизга ноқонуний равишда олиб кириш мақсадида жойланган умумий қиймати 31 миллион сўмлик 3 турдаги 16 минг донага яқин пиротехника воситалари борлиги аниқланди. Ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинди.

Фарғона туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро бошқарувидаги “Тико” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб белгиланган тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, автотранспорт воситасининг салонида хорижда ишлаб чиқарилган ва четдан ноқонуний олиб кирилаётган дастлабки умумий қиймати 31 миллион сўмлик жами 184 минг донага яқин пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Вилоят божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида “Водил-Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро бошқарувидаги “Lacetti” русумли автотранспорт воситаси Қўқон шаҳри ҳудудида белгиланган тартибда тўхтатилиб холислар иштирокида кўздан кечирилди. Автомашинанинг салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда четдан ноқонуний олиб кирилаётган дастлабки қиймати 31 миллион сўмлик 264 000 дона “Британик” номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА