French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яширин қотил” таҳдиди: ис гази ва ёнғинлардан эҳтиёт бўлинг
12:17 / 2025-12-12

Қиш мавсуми давлат, коммунал хизматлар ва, энг муҳими, ҳар бир хонадон учун жиддий ва мукаммал тайёргарликни талаб этувчи даврдир. Ўзбекистонда совуқ ҳарорат шароитида аҳоли томонидан иситиш мосламаларидан фаол фойдаланилиши электр ва газ тармоқларига тушадиган юкламанинг кескин ошишига олиб келади. Афсуски, бу ҳолат аксарият ҳолларда ёнғинлар, электр тармоқларининг қисқа туташуви ҳамда инсон ҳаёти учун энг хавфли бўлган ис газидан заҳарланиш каби оғир фожиаларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари статистикасига кўра, қиш мавсумидаги аксарият фожиалар фақатгина техник носозлик билан эмас, балки аҳолининг хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслиги, масъулиятсизлиги ва бепарволиги оқибатидир. Шу сабабли хавфсизликни таъминлаш ҳар бир фуқаронинг шахсий ва жамоавий масъулияти мезони сифатида қабул қилиниши шарт.

Ис гази (СО)  рангсиз, ҳидсиз, таъмсиз, ўта заҳарли модда бўлиб, унинг таъсири дақиқалар ичида ҳаётга зомин бўлади. Бу газ ёнувчи моддаларнинг (табиий газ, кўмир, ўтин) тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳосил бўлади. Ўзбекистондаги фожиалар таҳлили шуни кўрсатадики, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг асосий сабабларидан бири  иситиш печлари ва дудбуронларнинг (мўриларнинг) тозаланмаслиги ва хоналарни герметик тарзда ёпиш орқали ҳаво алмашинувини тўхтатишдир. Газ ускунаси яхши ишлаши учун хонага доимий равишда янги ҳаво кириб туриши шарт. Акс ҳолда, ёниш учун кислород етишмайди ва СО ҳосил бўлади.  

Бунинг олдини олишнинг энг самарали ва илғор усули  бу ҳар бир хонадонга, айниқса, ухлаш хоналарига, сертификатланган ис гази датчикларини ўрнатишдир. Бу ихчам қурилмалар хавфли концентрацияни аниқлаб, оила аъзоларини ўз вақтида огоҳлантиришга қодир. Қишда электр тармоқларига тушадиган юклама кескин ошиши ёнғинларнинг кўпайишига асосий сабаб бўлади. Статистик  маълумотларга кўра, ёнғинларнинг катта қисми (тахминан 70 фоиздан ортиғи) айнан электр жиҳозларининг носозлиги ёки ностандарт, яъни қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланиш туфайли келиб чиқади. Эскирган, юқори қувватга мўлжалланмаган симлар ва автомат ҳимоя воситаларининг йўқлиги ёки носозлиги қисқа туташувга олиб келади. Шунинг учун техник чораларга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Электр тармоқлари мутахассислар томонидан синчиклаб текширилиши ва эскирган элементлар алмаштирилиши шарт. Газ босимининг пасайишига сабаб бўлувчи уй шароитида ясалган иситиш ускуналарини ноқонуний улаш ҳолатларига қарши қатъий чоралар кўрилиши керак.

Маданиятсизликнинг энг хавфли кўриниши  газ плиталаридан хонани иситиш мақсадида фойдаланишдир. Бу ҳаракат қатъиян маън этилади. Газ плитасини иситиш мақсадида ёқиш  нафақат ёнғин хавфини оширади, балки газнинг нотўлиқ ёнишидан ис гази ажралиб чиқади. Бундай ҳолатларда аҳолига нисбатан маъмурий чоралар қўлланиши мумкин.

Куз-қиш мавсуми  бу биздан нафақат техник тайёргарликни, балки жамият олдидаги юксак масъулиятни талаб қиладиган синов давридир. Хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш  бу мажбурият эмас, балки инсон ҳаётининг энг олий қадрият эканлигини англашдир. Ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ўз хавфсизлигини таъминлашга шахсан масъулдир. Биргина эътиборсизликнинг оғир оқибатларини англаган ҳолда, барча тегишли хизматлар билан ҳамкорлик қилиш, зарурий ҳимоя воситаларини ўрнатиш ва хавфсизлик қоидаларини оила аъзоларига мунтазам етказиб туриш зарур.

Фақатгина масъулиятли ёндашув, қатъий интизом ва хавфсизлик маданиятини ошириш орқалигина биз ушбу мавсум синовларини муваффақиятли ва талафотларсиз енгиб ўтишимиз мумкин.

А. Ғаффоров,  

ЎзА мухбири