Яшаш хонадонини қиморхонага айлантириб, нафақат оиласининг тинчини, балки қонунларни очиқдан-очиқ бузаётган шахслар йўқ эмас.
Фирибгарлик ва бошқа турдаги қонунга хилоф ҳаракатлар айнан шу каби “уй шароитидаги қиморхоналар” орқали авж олмоқда. Бу ҳолат эса жамият хавфсизлигига жиддий таҳдиддир.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматидан хабар беришларича, ИИВ ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида шу каби қонунбузарлик ҳолатларига чек қўйилмоқда.
Асака туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида 1991 йилда туғилган шахс яшаш хонадонида 5 нафар танишини тўплаб, уларга моддий манфаат эвазига, таваккалчиликка асосланган қимор ўйини учун шароит яратиб бергани аниқланган.
Тадбир давомида қимор ўйини ўтказилган жойдан 36 дона ўйин карталари, 2 миллион 897 минг сўм пул ҳамда хонадон эгасига чўтал сифатида бериш учун тайёрлаб қўйилган 40 минг сўм ашёвий далил сифатида холислар иштирокида белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси тартибида жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қонунга хилоф равишда қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш жамият осойишталиги, аҳоли тинчлиги ҳамда оила муҳитига жиддий хавф солади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бундай иллатларга қарши қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 278-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Унга кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш – етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб қилинса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилиш, шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Н.Абдураимова,
ЎзА