Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яширин иқтисодиётга қарши самарали чора-тадбирлар ўрганилмоқда
09:40 / 2025-09-24

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов яширин иқтисодиётга қарши самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ушбу соҳада Навоий вилоятидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси Бердибек Сейитназаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи вакиллари билан учрашди.

Учрашувда корхоналарда яширин иқтисодиётга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар, нарх-наво барқарорлигини таъминлашга таъсир этувчи омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари каби мавзуларда ўзаро фикр алмашилди. 

Бердибек Сейитназаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи вакиллари Навоий шаҳридаги бир қатор савдо, саноат ва ишлаб чиқариш объектларида бўлди.

Улар Навоий савдо комплекси, “Гидро Станко Сервис”, “Навоий Ишонч Гиламлари”, “Муҳташам” мебеллар маркази каби МЧЖларда бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди. 

Бугунги кунда “Гидро Станко Сервис” МЧЖда машинасозлик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхонада кооперация орқали 100 дан ортиқ қурилма ва мингдан ортиқ турдаги эҳтиёт қисмлар маҳаллийлаштирилган. Қўшимча саноат лойиҳаси сифатида эса автомобилсозлик саноатига эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

“Навоий Ишонч Гиламлари” қўшма корхонаси 2018 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 345 нафар киши иш билан таъминлаган. Корхонага 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорида инвестиция киритилган бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4,8 миллион квадрат метрни ташкил қилади. Мазкур корхонанинг йиллик экспорт ҳажми эса 2 миллион АҚШ долларига тенг.

“Муҳташам” бренди остида ўз маҳсулотларини тақдим этиб келаётган “Ҳовандамир ҳолдинг” МЧЖда 150 дан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Мазкур корхонада 20 дан ортиқ, жумладан, МДФ эшиклар, корпус (ошхона, ётоқхона ва офис тўпламлари) ва юмшоқ мебеллар ҳамда металл (металл эшик, шкаф, сейф ва кўча чироқ устунлари) буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг катта қисми хорижга экспорт қилинади. Жорий йил якунигача корхонанинг “Металл буюмлар заводи”нинг “Б” блоги ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада 10 турдаги маҳсулот “конвейер” усулида серияли тарзда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва қўшимча 35 га яқин иш ўрни яратилади.

А.Бўриев, ЎзА мухбири