Сирдарё вилоятининг Солиқ бошқармасида иқтисодий муносабатларда шаффофликни таъминлаш, норасмий иқтисодий айланмаларни чеклаш ҳамда қонун устуворлигини кучайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда вилоят ҳудудида фаолият юритаётган бозорлар ва савдо комплекслари раҳбарлари иштирок этишди.
Тадбирда қайд этилганидек, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида сўнгги тўққиз йил давомида мамлакатимиз халқимиз билан биргаликда улкан ривожланиш босқичини босиб ўтгани, миллий иқтисодиёт мутлақо янги босқичга кўтарилгани ҳамда барқарор ўсиш суръатлари таъминланаётгани алоҳида таъкидланган. Шу билан бирга, келгуси йилларда иқтисодий тараққиётни янада жадаллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган.
Хусусан, иқтисодиётда 6,6 фоиз ўсишга эришилиб, 2026 йилга қадар яширин иқтисодий фаолиятни қисқартиришда ҳал қилувчи бурилиш ясаш, амалга оширилган чоралар натижасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 45–50 фоиздан 28 фоизга туширишга эришилгани таъкидланди. Бироқ бу натижалар ислоҳотларнинг бошланғич босқичи экани, олдинда яна кенг кўламли вазифалар тургани қайд этилди. Белгиланган дастурлар доирасида келгуси беш йилда норасмий иқтисодиёт улушини икки баробарга камайтириш, савдо ва сервис йўналишларида нақд пулсиз тўловлар салмоғини 75 фоиздан ошириш ҳамда расмий секторда меҳнат қилаётган аҳоли сонини 14 миллион нафарга етказиш кўзда тутилган.

Мазкур вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 29 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони, 2025 йил 12 августдаги “Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2010 йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида белгилаб берилган талаблар асосида амалга оширилаётгани таъкидланди.
Учрашув давомида мазкур ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бозор ва савдо мажмуаларида йиғим ҳамда ижара тўловларини фақат банк тизими орқали қабул қилиш, уларни рақамли тарзда ҳисобга олиш, савдо нуқталарини фискал хотирали назорат-касса машиналари ва замонавий тўлов терминаллари билан тўлиқ таъминлаш шартлиги эслатиб ўтилди.
Шунингдек, савдо жойлари фақат якка тартибдаги тадбиркор ёки белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган фуқароларга ажратилиши лозимлиги қайд этилди. Айни пайтда айрим бозорларда қонун талабларига зид равишда фаолият юритиш ҳолатлари кузатилаётгани, бу эса норасмий иқтисодий муносабатларнинг кучайишига олиб келаётгани таъкидланди.
Давра суҳбати чоғида бозор ва савдо комплекслари раҳбарларига электрон тўловларни кенг жорий этиш, сотилган маҳсулотлар ҳажмини солиқ ҳисоботларида холис акс эттириш, иш ҳақини яширин тарзда тўлаш амалиётига барҳам бериш, шунингдек, меҳнат муносабатларини қонуний асосда расмийлаштириш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ишга тушириладиган ягона электрон платформа ҳамда 2026 йил 1 апрелдан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар мажбурий жорий этиладиган фаолият турлари юзасидан ҳам атрофлича тушунтиришлар ўтказилди.
Тадбир якунида иштирокчилар “Ҳалол меҳнат – хотиржам ҳаёт ва фаровон жамият гарови” тамойилидан келиб чиқиб, ўз фаолиятида ҳамда тасарруфидаги ҳудудларда иқтисодий шаффофликни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ва тушумларни оширишга қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олишини маълум қилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири