Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яширин иқтисодиётга қарши кураш кучайтирилмоқда
11:39 / 2026-03-02

Жорий йил 27 январь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш, яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ҳамда давлат бюджети тушумларини ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида ҳам махсус ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Шу кунларда ишчи гуруҳи томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашиш, хусусан, солиқ базасини яшириш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, меҳнат муносабатларини расмийлаштириш ҳамда иқтисодий жараёнларда очиқликни таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги кўп қаватли тураржой биноларини қураётган қурилиш корхоналарида ўрганиш ишлари олиб борди. Қатор қурилиш субъектларида ишчи-ходимлар расмий меҳнат шартномасисиз, норасмий тарзда меҳнат қилиб келаётгани аниқланди.

Меҳнат инспекцияси ходимлари томонидан Бухоро шаҳрида фаолият юритаётган 3 та қурилиш корхонаси масъулларига нисбатан меҳнат қонунчилиги талабларини бузганлик ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда огоҳлантиришлар берилди.

Шунингдек, солиқ бошқармаси масъуллари томонидан тадбиркорларга ҳақиқатда тўланаётган иш ҳақи суммасини солиқ ҳисоботларида акс эттирмаслик оқибатлари, солиқдан қочиш схемалари, “конверт” усулида иш ҳақи тўлашнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари батафсил тушунтирилди.

Жумладан, ўрганишлар давомида “INVEST BETTA WAN” корхонаси (номи ўзгартирилган) томонидан Бухоро шаҳрида жойлашган Янги Ўзбекистон массивида жами лойиҳа қиймати 34,3 миллиард сўм бўлган 9 қаватли, 72 хонадонли 2 та тураржой биноси қурилиши 2025 йил апрель ойида бошланган. Ҳозирги вақтда ҳар икки объектда ҳам қурилиш ишлари 9-қават даражасига етган ҳолда қурилиш-монтаж ишлари давом этмоқда.

Жамият томонидан эса солиқ ҳисоботларида бор-йўғи 2 нафар шахс (корхона раҳбари ва иш юритувчи) расмий равишда ишчи сифатида кўрсатилган ҳамда уларга ойлик иш ҳақи ҳисобланган. Ўрганиш жараёнида эса қурилиш майдонида 20 нафардан ортиқ ишчи норасмий тарзда меҳнат қилаётгани, иш ҳақи расмий ҳисобланмасдан “конверт” усулида нақд шаклда тўлаб келинаётгани маълум бўлди.

Лойиҳа қиймати 34,3 миллиард сўм бўлган ушбу 2 та 9 қаватли қурилиш объектида қурилиш-монтаж ишларининг асосий қисми бажарилган бўлишига қарамасдан, жамият томонидан расмий ҳужжатлар асосида атиги бир миллиард сўмлик қурилиш маҳсулотлари харид қилинган. Бу эса қурилиш жараёнида фойдаланилаётган материалларнинг кирим қилинмасдан, яъни ноқонуний тарзда харид қилиниб ишлатилганини кўрсатмоқда.

Дастлабки ўрганишлар доирасида 3 та қурилиш субъектида текширув ўтказилиб, тахминан 50 нафарга яқин ишчи норасмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётгани, иш ҳақи “конверт” усулида тўланаётгани ҳамда қурилиш ишларида фойдаланилаётган материаллар кирим ҳужжатларисиз ишлатилиши ҳолатлари аниқланди.

Ишчи гуруҳи аъзолари томонидан тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилмаган тақдирда қонунчиликда белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкинлиги ҳақида расмий тушунтиришлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири