Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил январь ойида Ўзбекистонда камераль солиқ текширувлари чекланган ҳажмда ўтказилган бўлса-да, аниқланган 2,4 триллион сўмлик солиқ тафовутлари иқтисодиётдаги яширин маблағларни очиб берди.
Бу рақамлар солиқ назоратининг аҳамияти ва тадбиркорлик соҳасида молиявий интизомни мустаҳкамлаш зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, 1,8 мингта солиқ тўловчисида текширувлар амалга оширилган бўлиб, бу республика бўйича фаолият кўрсатаётган 572 мингта тадбиркорлик субъектларининг атиги 0,3 фоизини ташкил этади.
Камераль текширувлар натижасида жами 2,4 триллион сўм солиқ тафовутлари аниқланган ва солиқ тўловчиларга тегишли талабномалар юборилган. Аниқланган тафовутларнинг асосий қисмини қуйидаги солиқ турлари ташкил қилади. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи 1,1 триллион сўм, фойда солиғи эса 721,6 миллиард сўм, аксиз солиғи 514,6 миллиард сўм ва даромад солиғи 51,6 миллиард сўмни ташкил этган.
Бу рақамлар шуни кўрсатадики, энг катта тафовутлар айнан қўшилган қиймат ва фойда солиқларида кузатилган. Бу эса молиявий назорат ва солиқ ҳисоботи аниқлигига эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Аниқланган солиқ тафовутлари тармоқлар кесимида ҳам сезиларли фарқ қилади. Масалан, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш 899,7 миллиард сўм, ишлаб чиқариш 884,7 миллиард сўм, қурилишда эса 292,8 миллиард сўм, транспорт 232,3 миллиард сўм ва қишлоқ хўжалигида 82,9 миллиард сўмни ташкил этган.
Энг катта тафовутлар айнан хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида аниқланган. Бу эса, тадбиркорлик фаолиятида солиқ ҳисоботи ва назорат тизимларини кучайтириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Хабарда қайд этилишича, жорий йилнинг январь ойидаги камераль текширувлар ҳажми солиқ тўловчиларнинг жуда кичик қисмини қамраб олган бўлса-да, аниқланган тафовутлар жами иқтисодиёт учун сезиларли миқдорни ташкил этади. Бу шунга ишора қиладики, солиқ назорати фақат кенг қамровли ва самарали бўлганда иқтисодиётдаги яширин даромадларни аниқлаш ва тартибга солиш имконини беради.
Шунингдек, солиқ тўловчиларнинг молиявий интизоми ва солиқ ҳисоботи аниқлиги турли соҳаларда турлича. Жумладан, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳалари алоҳида эътиборни талаб қилади. Шу боис, солиқ органлари томонидан аниқланган тафовутлар асосида тавсиялар ишлаб чиқиш ва назорат тизимини янада кучайтириш муҳим ҳисобланади.
Ш.Маматуропова, ЎзА