Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яширин цехда сифатсиз биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ва сотишга чек қўйилди
12:35 / 2025-11-26

Тошкент шаҳридаги яширин цехда сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, сифатсиз биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ва савдога чиқариш ҳолати фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ушбу ноқонуний фаолиятга чек қўйилди.

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида олиб борилган текширув жараёнида фуқаролар Л.Қ., Д.С. яширин цех ташкил этиб, “C.P.” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “GEMOPRO” номли биологик фаол қўшимчанинг ёрлиқларини сохталаштириб, капсула кўринишидаги сифатсиз маҳсулотларни ишлаб чиқарганликлари аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирда ушбу маҳсулотларни харидорларга сотиш жараёнида 240 дона маҳсулот билан қулга олинди. Шунингдек, яширин цехда 3 хил ёрлиқдан 80 дона ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа воситалар ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ҳамроз Баянов,

ЎзА