Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яширин айланмалардаги 16 трлн. сўм маблағ бюджетга ундирилган
12:30 / 2025-09-16

Қонунчилик палатасининг мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани тақдим этар экан, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни юқорилаб бораётганига тўхталди.

Қайд этилганидек, давлат бюджетидан самарали фойдаланиш борасида давлат молиявий назорати кучайтирилди. Хусусан, масофавий аудит тизими йўлга қўйилгани натижасида 2,3 трлн. сўмлик 112 мингта молиявий хато ва камчиликлар бартараф этилди.  

87 ҳолатда 247 млрд. сўмлик субсидия маблағларидан мақсадсиз фойдаланилишига чек қўйилди. Яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсадида 673 мингта субъект хатловдан ўтказилиб, яширин айланмаларни расмий ҳисоботларда акс эттириш орқали 16 трлн. сўм маблағнинг бюджетга ундирилиши таъминланди.  

Хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш борасида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга киритилмаган органлар томонидан тадбиркорларнинг фаолиятини назорат қилиш тақиқланди. 19 та ҳужжат ва тартиб-таомиллар бекор қилинди.  

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид фаолиятини рақамлаштириш ахборот тизими (hrm.argos.uz) йўлга қўйилди. 2024 йилда давлат бошқарувида бюрократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, давлат хизматларини соддалаштириш бўйича ишлар давом эттирилди.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сони 750 тадан ошган. Хусусан, пенсия тайинлаш учун ариза бериш, тиббий маълумотнома олиш, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашга ариза бериш, нафақа тайинлаш, меҳмонхона қуриш учун субсидия олиш, талабалар учун таълим кредити олиш, давлат умумий ўрта таълим ташкилотлари педагог кадрларини касбий сертификатлаш ва бошқа хизматлар электрон шаклга ўтказилди.  

Масалан, илгари кам таъминланган оилаларга болалар нафақасини тайинлаш учун 15 дан ортиқ ҳужжат талаб қилинган бўлса, ҳозирда бу жараёнлар автоматлаштирилиб, биргина ариза орқали ҳал этиляпти.  

Шунингдек, барча банкларда кредитлаш жараёнларига скоринг тизими йўлга қўйилиб, мижозларнинг кредитга лаёқатлилигини автоматлаштирилган ҳолатда аниқлаштириш тизими йўлга қўйилди.  

Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимини узлуксиз ошириб бориш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформаси ишга туширилди. Судлар томонидан мансабдор шахсларнинг бекор қилинган ноқонуний қарорлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш тизими яратилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлари порталида (public.sud.uz) давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорларини бекор қилиш ҳақидаги суд қарорларини очиқ эълон қилиб бориш тартиби йўлга қўйилди.  

Рақамлаштириш борасидаги ишлар натижасида БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида Ўзбекистон 6 поғона юқорилаб, 196 та давлат ичида 63-ўринни эгаллади ва индекснинг жуда баланд гуруҳига қўшилди.  

Бундан ташқари, “Open data inventory” рейтингида Ўзбекистон 195 та давлат ичида 12 ўринни эгаллаб, 2022 йилга нисбатан 18 поғонага яхшиланди. Марказий Осиё давлатлари орасида эса 1-ўринни эгаллади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА