ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона туманидаги тоғолди ҳудудида жойлашган “Чимён” сиҳатгоҳи нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлардан ҳам ташриф буюрувчилар билан ҳамиша гавжум. Маълумотларга кўра, бу ерга йилига 26 минг нафар киши саломатлигини тиклаш учун келади. Қўшни давлатлардан эса сўнгги йилларда ташриф буюрувчилар сони 2-3 баробарга ортди.
Сиҳатгоҳдаги замонавий шароитлар, малакали тиббий хизмат ва 700 метр ер остидан чиқадиган, минералларга бой шифобахш сув дам олиш ва даволаниш истагидаги кишиларни ўзига жалб этиб келмоқда.
[gallery-17723]
– Сиҳатгоҳимизда муолажалар учун олтингугуртли (сульфидли) минерал сув ишлатилади, - дейди малакали шифокор Абдусаттор Ашуров. – Ҳозирги кунда кўп учраётган умуртқа поғонаси диск чурраси, полиартрит, чаноқ-сон бўғими артрози ва тизза бўғими артрозлари, тери касалликларидан псориаз, замбуруғ, ёш болаларда бўғим оғриқлари, умуртқа поғонаси қийшайиши, ясси оёқлилик ва катталарда ортиқча вазнли, қандли диабети бор беморлар айнан олтингугуртли сувдан ванна қабул қилиб, фойдасини сезмоқдалар.
– Мен Сирдарёнинг Боёвут туманидан келдим, - дейди суҳбатдошимиз Ғанижон ота Иброҳимов. – Ўн йилдан бери шу ерга келаман, даволаниб кетаман. Шароитлари ёқади. Ҳаммаёқ яшиллик, ҳаво тоза, кислородга бой. Хоналарда ҳамма қулайликлар бор.
Чимён сиҳатгоҳида бўлсангиз, худди ўрмонга тушиб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Сиҳатгоҳ бош шифокори Дилшод Раҳмоновнинг айтишича, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шу йилнинг ўзида яна мингга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА