Бухоро амирлиги деганда кўз олдимизга кўпинча қум барханлари ва жазирама чўллар келади. Бироқ манбалар бу тасаввурнинг бирёқлама эканини кўрсатади. Аслида, амирлик ҳудудлари улкан ва бой ўрмон хўжаликларига ҳам эга бўлган. Бу ўрмонлар нафақат табиат кўрки, балки мамлакат иқтисодиётининг муҳим таянчларидан бири ҳисобланган. Тоғ ёнбағирлари ва дарё қирғоқларидаги яшил ҳудудлар аҳоли учун тирикчилик манбаи вазифасини ўтаган. Ушбу табиий бойликлар давлат ғазнасига ҳам сезиларли даромад келтирган.
Тарихий манбаларда келтирилишича, амирликнинг ўрмон фонди асосан Помир, Зарафшон, Нурота, Ҳисор, Боботоғ ва Кўҳитоғ тизмаларида жойлашган эди. Бу ҳудудларнинг иқлими дарахтларнинг жадал ривожланиши учун қулай шароит яратган. Ўрмонларнинг аксарият қисмини арча, чинор ва терак дарахтлари ташкил этган. Табиатнинг бу саховати фақат қурилиш материаллари билан чекланиб қолмаган. Тоғли ҳудудларда бодом, дўлана, ёнғоқ ва писта каби мевали дарахтлар ёввойи ҳолда ғуж-ғуж бўлиб ўсган. Бу эса маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад эшикларини очган.
Адирлар ва тоғ ёнбағирларида истиқомат қилувчи қишлоқ аҳолиси учун ўрмон неъматларини йиғиш мавсумий касбга айланган эди. Улар писта, бодом ва ёнғоқларни териб, маҳаллий бозорларга олиб чиқишган. Бу жараён шунчаки эҳтиёж учун эмас, балки йирик савдо айланмасининг бир қисми сифатида шаклланган. Ўрмон минтақаларидаги табиий боғларда етиштирилган ҳосилнинг умумий ҳажмини аниқ ҳисоблаш мушкул бўлган. Сабаби, бу бойликларнинг катта қисми рўйхатга олинмасдан ички истеъмолга йўналтирилган. Шунга қарамай, божхона маълумотлари айрим қизиқарли рақамларни тақдим этади.
Кўлоб ва Балжувон бекликларидан Сарой божхона маскани орқали хорижга катта миқдорда маҳсулот чиқарилган. Маълумотларга кўра, бир йилда тахминан 20 минг пуд атрофида писта чет мамлакатларга сотилган. Бу рақамлар ўша давр ўлчовида жуда улкан савдо ҳажмидан далолат беради. Ҳосилдорлик юқори бўлган йиллари бир нафар теримчи кунига 4-5 пудгача ҳосил йиғиб олишга муваффақ бўлган. Йиғилган маҳсулотлар махсус омборларда сақланган ва куз ойларида савдо карвонларига юкланган.
Тарихчи олим Файзулла Очилдиевнинг ёзишича, Бухоро пистасининг харидорлари асосан Россия ва Европа давлатларининг савдогарлари эди. Савдо занжиридаги нарх тафовути ўша давр тадбиркорлигининг фойда кўламини яққол кўрсатади. Савдогарлар тоғли қишлоқлардан тозаланган пистанинг бир фунтини ўртача 7 тийиндан харид қилишган. Ушбу маҳсулот Россия империясининг йирик шаҳарларига етиб боргач, унинг нархи кескин ошган. Масалан, Одесса бозорларида бир фунт Бухоро пистаси 60 тийиндан 1 рублгача баҳоланган. Бундан кўриниб турибдики, амирликнинг табиий бойликлари жаҳон бозорида юқори қадрланган.
Амударё, Зарафшон, Шеробод, Сурхон, Қашқадарё, Тўпаланг ва Қоратоғ дарёларининг қирғоқлари ҳам қалин дарахтзорлар билан қопланган эди. Бу ердаги ёғоч материаллари ҳунармандчилик ва қурилишда тенгсиз хомашё ҳисобланган. Ёнғоқ, чинор ва арча дарахтларининг ёғочига талаб ҳар доим юқори бўлган. Улардан ясалган сифатли мебеллар ва рўзғор буюмлари харидоргир ҳисобланган. Айниқса, ёнғоқ ва чинор ёғочлари Россия ва Европа бозорларида ноёб хомашё сифатида қадрланган.
Бироқ, бу табиий бойликка бўлган юқори талаб салбий оқибатларни ҳам келтириб чиқарган. Аҳоли ва айрим тадбиркорлар мўмай даромад илинжида ўрмонларга шафқатсизларча муносабатда бўлишган. Манбаларда қайд этилишича, ўрмонлардаги қимматбаҳо дарахтлар аёвсиз тарзда кесилган. Кесилган ходалар асосан арман савдогарларига пулланиб, кейинчалик Россияга олиб кетилган. Бу жараён назоратсиз тус олгани сабабли ўрмон хўжаликларига жиддий зиён етган.
Капитан Стеткевичнинг ҳисоботларида бу вазиятнинг аянчли манзараси тасвирланган. Унинг ёзишича, Қоратоғ ва Тўпаланг воҳаларида арман ва француз тадбиркорлари томонидан арча, ёнғоқ ва терак дарахтлари ваҳшийларча кесиб ташланган. Бундай ҳаракатлар натижасида ўрмон фонди қисқариб, ҳудуд экологиясига катта хавф туғилган. Вазият шу даражага етганки, масалага сиёсий даражада аралашишга тўғри келган. Қимматбаҳо дарахтларни оммавий кесиш тақиқлаб қўйилган.
ХХ аср бошларига келиб, ўрмонларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш масаласига эътибор қучайди. 1914 йилда Россия империясидан Бухоро амирлигига ўрмон хўжалигини ривожлантириш учун икки нафар малакали мутахассис юборилган. Уларнинг зиммасига мавжуд ўрмонларни қўриқлаш ва янги дарахтзорлар барпо этиш вазифаси юклатилган. Бу соҳанинг аҳамиятини амирлик ҳукумати ҳам яхши англаган. Шу боис, мазкур икки мутахассиснинг фаолияти ва ўрмон хўжалиги харажатлари учун давлат хазинасидан йилига 21740 рубль маблағ ажратилган. Бу ўша давр учун анча катта сармоя бўлиб, соҳани сақлаб қолиш йўлидаги жиддий қадам эди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА