Водород ўзи нима? “Яшил” водород қандай олинади? У бошқа водород турларидан нимаси билан фарқ қилади?
Тошкентдаги “Cambridge халқаро CIS” мактаби ўқувчилари бу каби саволларга “Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги Атом технологиялари ахборот марказида бўлиб ўтган тадбирда жавоб олди. Уларга “Москва муҳандислик-физикаси институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари ушбу мавзулар юзасидан тушунчалар берди.
Тадбир аввалида “Ўзатом” агентлиги Атом энергетикаси ва ядро технологиялари бошқармасининг етакчи мутахассиси Мақсуд Худойбердиев атом энергетикаси ва технологияларини тинчлик мақсадида ривожлантириш учун 2018 йилда ташкил этилган мазкур агентликнинг фаолияти ва Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳасининг босқичлари тўғрисида сўзлаб берди.
– Бугунги кунда жаҳоннинг кўпгина мамлакатлари углерод нейтраллигига эришишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган. Бунда замонавий ядро технологиялари ва илм-фан муҳим ўрин тутади. Водород энергетикасига кам углеродли энергетиканинг истиқболли йўналишларидан бири сифатида қарар эканмиз, уни АЭС ёрдамида олиш, иссиқлик электр станцияларида электролиз йўли орқали ишлаб чиқаришдан кўра фойдали эканига алоҳида тўхталишимиз керак. Шу боис, "Илм-фан ва технологиялар узра” лойиҳаси доирасида "Москва муҳандислик-физикаси институти” Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари мураккаб жараёнлар, технологиялар ҳақида тушунарли ва тўлиқроқ маълумотлар олиш ташаббуси билан чиқди. Биз эса бу ташаббусни қўллаб-қувватладик. Бу каби лойиҳалар ёшларга нафақат бир-бирлари билан яқинроқ танишиш, балки уларга ядро технологиялари оламига янада чуқурроқ кириб, унинг инсон ҳаётида тутган ўрни ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлиш имконини беради, – деди М.Худойбердиев.
Таъкидлаш керакки, “Илм-фан ва технологиялар узра” маърузалари – бу Атом технологиялари ахборот марказининг (АТАМ) маърифий-ўйинли лойиҳаси бўлиб, унда талабалар ва ёш олимлар эксперт сифатида қатнашади. Бўлғуси экспертлар атом соҳасидаги илм-фан ва технологияларнинг инсонлар турмуши сифатига ва бутун сайёрамизга таъсир ўтказувчи илмий ҳодисалар, жараёнлар, технологиялар ва муҳандислик ечимлари ҳақидаги ўз билим ва маҳоратини намойиш этади.
Лойиҳанинг ёш экспертлари – талабалар Мафтуна Холбоева ва Нодира Эркабоева водороднинг хусусиятлари, уни олиш услублари ва қўлланиши ҳақида маъруза ўқиди. Уларнинг маълум қилишича, водороднинг бир неча тури бор. Масалан, "яшил" водород қайта тикланадиган энергия манбалари ёрдамида олинади. "Кўк" водород табиий газдан, "сариқ" водород эса атом энергияси ёрдамида ишлаб чиқарилади.
– Водород энергетикаси қизиқарли, лекин анча мураккаб йўналиш ҳисобланади. Бунинг учун эса ушбу мавзуни тўғри тушунтира билиш керак. Ушбу тадбир мен тайёрлаган тақдимотнинг камчиликларини очиб берди. Шунингдек, мен ўзим учун ушбу соҳадаги жуда кўп имкониятларни ойдинлаштириб, қайси йўналиш бўйича ўз устимда кўпроқ ишлаш кераклигини билиб олдим. Бу менинг мактаб ўқувчилари билан мулоқот қилишдаги биринчи тажрибам. Хулоса шуки, аудитория олдида гапириш илгари тасаввур қилганимдан кўра осонроқ бўлиб чиқди. Бу эса мени янги мавзулар ва тадқиқотлар томон илҳомлантирди, – деди Мафтуна Холбоева.
Тошкентдаги “Cambridge халқаро CIS” мактабининг 9-синф ўқувчиси Шаҳризода Ботирова ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Бугун биз водород мавзусидаги ўйинда иштирок этдик ва у жудаям қизиқарли ўтди. Ушбу викторинада қизлар жамоаси ғолиб бўлди. Бизга талаба қизларнинг чиқишлари жуда ёқди. Аввалига ҳеч нимани тушуна олмасам керак, деб ўйлаган эдим, лекин ҳаммаси содда ва равон тилда етказиб берилди. Яна шу каби тадбирларда иштирок этишни истар эдим. Биз водород ҳамда электр станциялари тўғрисида муҳим маълумотларга эга бўлдик. Кимё ва физика фанларига қизиқишимиз янада ортди.
Маъруза ва викторина якунларига кўра, интерфаол ўйин ғолиблари “Ўзатом” агентлигининг махсус совринлари билан тақдирланди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири