French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшил ва барқарор ипотека учун янги имкониятлар очилди
12:09 / 2025-11-27

Пойтахтимизда Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида “Яшил ва қулай уй-жой” халқаро форуми ўтказилди.

Тадбир мамлакат уй-жой бозорини модернизация қилиш, «яшил» ипотека кредитларини жорий этиш, энергия тежамкор уй-жойлар қурилишини рағбатлантириш ва ипотека бозорини молиялаштиришда замонавий ёндашувларни илгари суришга қаратилди.

Форум доирасида Ўзбекистон уй-жой бозори ривожининг асосий йўналишлари, бозор механизмларини такомиллаштириш, узоқ муддатли барқарор ипотека тизимини шакллантириш, шунингдек, «Ўзбекистон–2040» стратегиясида белгиланган вазифаларнинг амалий ижроси бўйича фикр алмашилди.

Тадбирда халқаро экспертлар, давлат идоралари вакиллари, минтақавий ипотека институтлари ҳамда йирик молиявий ташкилотлар иштирок этди. Муҳокамалар давомида улар уй-жой бозори, молиявий барқарорлик ва "яшил" иқтисодиётга оид илғор тажрибалар билан ўртоқлашди.

[gallery-26477]

Форум иштирокчилари томонидан жаҳоннинг уй-жой бозоридаги замонавий тенденциялари, «яшил» стандартлар асосида ипотека кредитлаш амалиёти, энергия тежамкор қурилишнинг иқтисодий самарадорлиги, ипотека бозорида инновацион молиявий ечимлар, ресурсларни жалб қилишнинг янги механизмлари муҳокама қилbyди. Шунингдек, Осиё минтақасидаги иккиламчи ипотека бозори тажрибаси ўрганилди.

Бундан ташқари, форум доирасида Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда халқаро молиявий институтлар ўртасида қатор келишув ва шартномалар имзоланиши режалаштирилган. Бу жараён мамлакатда узоқ муддатли ипотека бозорини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Форумда уй-жой бозорини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшган тижорат банклари учун махсус номинациялар жорий этилди. Улар “Энг фаол”, “Энг креатив” ва “Энг масъулиятли ҳамкор” йўналишларида тақдирланади.

“Яшил ва қулай уй-жой” халқаро форуми мамлакатда шаффоф ва барқарор уй-жой бозорини шакллантириш, аҳоли учун энергия тежамкор ва сифатли уй-жой имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, "яшил" иқтисодиёт тамойилларини амалда жорий қилишда муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Глобал яшил ўсиш институти Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Стелла Сунг Юн Ли ва иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев ўртасида Марказий Осиёда иқлим молиялаштириш соҳасидаги бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган “Марказий Осиёда иқлим молиялаштиришдаги бўшлиқларни тўлдириш” қўшма лойиҳаси бўйича Англашув меморандуми имзоланади.

Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ва иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев ўртасида Ният баёноти имзоланиши кўзда тутилган.

Мазкур баёнот PAGE ташаббуси доирасида қўллаб-қувватланадиган қатор йўналишларни ўз ичига олади. Жумладан, Миллий чиқиндилар савдоси тизимини жорий этиш, яшил иқлим молиялаштириш жараёнларини мониторинг қилиш, техник ва сиёсий кўмак кўрсатиш орқали Ўзбекистоннинг "яшил" иқтисодиётга ўтишини тезлаштириш кўзда тутилган.

Ушбу ҳамкорлик ҳужжатлари мамлакатда экологик барқарор тараққиёт, ресурслардан самарали фойдаланиш ва яшил иқтисодиётга ўтишни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамда Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ўртасида 40 миллион АҚШ доллари миқдорида Қарз шартномаси имзоланди.

Ушбу маблағ суверен кафолатисиз, тўғридан-тўғри ва таъминланмаган қарз шаклида, 4 йиллик муддатга ажратилади.

Қарзнинг асосий мақсади мамлакатдаги ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Франция тараққиёт агентлиги ҳамда Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ўртасида 30 миллион евро миқдорида Қарз шартномаси имзоланди.

Маблағ суверен кафолатисиз, тўғридан-тўғри ва таъминланмаган қарз сифатида 10 йиллик муддатга ажратилади. Ушбу кредит «яшил» ипотека кредитларини қайта молиялаштириш ва энергия тежамкор уй-жойлар барпо этилишини рағбатлантиришга йўналтирилади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА