Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшил тараққиёт учун курашамиз
19:19 / 2023-08-25

Жиззах шаҳри Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан ташкил этилган минтақавий экофорумга мезбонлик қилди. “Яшил тараққиёт учун курашамиз” шиори остида ташкил этилган икки кунлик экофорум доирасида 10 дан зиёд тадбирлар бўлиб ўтди. Унда Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилояти партия ташкилотлари вакиллари, экофаоллар, депутатлар иштирок этди.

Форум иши “Ўрда” экологик боғида старт олди. Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, вилоят ҳокими ўринбосари Латифжон Аҳмаджонов нутқ сўзлаб, “Яшил иқтисодиёт”нинг аҳамияти, захиралар қисқариши шароитида экологик муаммоларга ечим топиш ҳаётий заруратга айланиб бораётгани тўғрисида сўзлади. Танишув ва режалар тақдимотидан сўнг иштирокчилар автобусларда  Жиззах вилояти Ўрмон хўжалиги тасарруфидаги кўчат етиштириш плантациясига йўл олди.  

–Бу ерда вилоятимиз иқлими учун мос келадиган кўп йиллик манзарали гул ва дарахтларни маҳаллийлаштириш, кўпайтириш, пайвандлаш устида изланиш олиб борилади, – деди вилоят Ўрмон хўжалиги директори Абдукарим Холматов. –  Жумладан, лаванда, павлония, Қрим ва Элдор қарағайи, садақайрағоч, қоратол, гўзал катальпа, аморфа, жўка, оқ қайин каби ноёб ўсимлик турлари кўпайтирилмоқда. Тажриба-синов участкасида навда пайванд қилиш орқали қайрағочнинг  янги навлари ўстирилмоқда. Ўрмон хўжалиги “Яшил макон” лойиҳаси учун кўчат етиштириб берувчи манба ҳисобланади. Жорий йилги куз мавсуми учун 100 мингдан ошиқ кўчатлар тайёрланмоқда.  

[gallery-13264]

Ғаллаорол ихтисослашган давлат ўрмон хўжалигида эса пистачилик тажриба станцияси фаолияти йўлга қўйилган. Гигант писта нави ҳосилдорлик ва экспорт учун қимматли маҳсулотдир. Унинг новдалари махсус музлатгичда бошқа вилоятлар ўрмон хўжалиги участкаларига етказилиб, республика миқёсида оммалаштириш чоралари кўрилмоқда.  

–   Яшил иқтисодиёт энергетика соҳасини ислоҳ қилиш, тоза ичимлик суви муаммолари, озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалигидаги инновациялар, барқарор шаҳарлар, чиқиндиларни оқилона бошқариш, ўрмон ҳудудларини кенгайтириш, чўлланишни қисқартириш каби кенг тармоқли чора-тадбирларни ўз ичига олади, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси МКИҚ раиси Абдушукур Ҳамзаев. – 2030 йилга қадар “яшил иқтисодиёт”га ўтиш концепцияси Марказий Осиёда биринчи ташаббуслардан бири ҳисобланади. Аммо илмий ёндашув, давлат жамият иштирокисиз бу ташаббусни белгиланган муддатда амалга ошириш мушкул. Бугунги экофорум ҳам партия томонидан амалга оширилаётган ишлар, экологик хавфсизликни таъминлашдаги иштирокини кўрсатади.  

Шундан сўнг иштирокчилар Зомин миллий боғига йўл олди. Бу ерда атроф-муҳит маиший чиқиндилардан тозаланди.  

– Бундай экофорум бунга қадар Фарғона вилоятида ўтказилган бўлиб, Жиззах вилояти тажрибаси билан танишиш мақсадида минтақавий тарзда ташкил этилди, – дейди Экологик партиянинг Жиззах вилояти ижроия қўмитаси раиси Акром Раҳмонқулов. – Шунингдек, чиқинди муаммосини бартараф этиш, ичимлик сувини асраш, дарахтларни сақлаб қолиш каби мавзулардаги ижтимоий роликлар танлови ўтказилди. Ғолибларга партия ва вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.  

Икки кунлик экофорум доирасида олимлар ва илмий тадқиқотчилар томонидан тренинглар ҳам ташкил этилди.  

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА