Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Яшил тараққиёт учун бирлашайлик!"
17:39 / 2026-01-20

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўллаган Мурожаатномасида Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилиши қайд этилган.

Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят Кенгаши давлатимиз раҳбарининг ана шу Мурожаатномасига жавобан “Яшил тараққиёт учун бирлашайлик!” деган шиор остида янги ташаббус билан чиқди.  

Ана шу ташаббусга кўра, партия фаоллари ва ҳамкорлари Тупроққалъа туманининг чўл ҳудудида саксовул кўчатларини экиш акциясини ташкил этди.

Ташкил этилган акция Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Хоразм вилоят бўлинмаси, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилди.  

– Саксовуллар саҳро тупроғини шамоллардан пана қилиб, эрозия тарқалишининг олдини олади. Бу эса ҳудудлар чўллашуви олдини олиб, саҳро экосистемаси сақланиб қолишини таъминлайди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят кенгаши раиси Камолбек Жуманиёзов. –  Ҳар йили 200 гектар ер майдонига 200 минг туп саксовул кўчати,  9 минг 800 гектарига саксовул уруғи экилади. Мазкур акция давомида ҳам 3 мингдан ортиқ саксовул кўчатлари экилди. Улар жорий йилнинг ўзида шаклланиб, ушбу чўл ҳудудда саксовулзор ҳосил қиланди. Яқин келажакда ўрмонга айланади.  

Акция доирасида ҳамкор ташкилотлар вакиллари, партиянинг “Экология ва саломатлик” аёллар клуби, “Ёш экологлар” қаноти фаоллари ҳамда кўнгиллилар иштирок этган мазкур акцияда дастлаб мутахассислар томонидан саксовул уруғи ҳамда кўчатини экиш бўйича семинар ўтказилди.

Эндиликда вилоятнинг барча ҳудудларида ўтказилиши кутилаётган акцияларни самарали ва белгиланган талаблар асосида ташкил этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.  

– Акциянинг асосий мақсади — чўлланиш жараёнини секинлаштириш, қум кўчишининг олдини олиш, иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини камайтириш ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтиришдан иборат, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят кенгаши ахборот хизмати раҳбари Маъмура Ҳусинова. –   Шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, табиатга нисбатан масъулиятли муносабатни шакллантириш ҳам мазкур акциянинг муҳим вазифаларидан биридир.  Кейинги босқичларда оммавий ахборот воситаларини ҳамда вилоятимизда фаолият юритаётган кенг аудиторияли блоггерларни ҳам акцияга жалб қилмоқчимиз.  

Тадбир якунида фаол иштирок этган, ташаббускорлик ва фаоллик намоён этган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари