Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти Кенгаши ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялари университети ҳамкорлигида “Ёшлар ташаббуслари: Яшил тараққиёт учун замонавий ечимлар” мавзусида экотанлов ўтказилди.
Танлов доирасида талабаларнинг нафақат экология бўйича билимлари, балки муаммони ечишдаги инновацион ёндашувлари ҳам синовдан ўтказилди.

Тадбир жараёнидаги очиқ мулоқотларда шштирокчилар чиқиндиларни қайта ишлаш, урбанизация даврида яшил ҳудудларни кенгайтириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар бўйича амалий таклифлар берди. Жумладан, уларнинг экологик таълимни мактаблардан бошлаб чуқурлаштириш, мунтазам экологик акцияларни йўлга қўйиш, шаҳар ва туманлар бўйича “яшил ҳудудлар харитаси”ни яратиш каби ташаббуслари алоҳида эътирофга сазовор бўлди.

Тадбир якунида “Экология билимдони”, “Экологик маданият тарғиботчиси”, “Энг фаол эковолонтёр” ва “Йилнинг энг яхши экология ҳимоячиси” каби номинацияларда ташаббускор ва ижодкор ёшлар аниқланиб, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Экотанлов якунидан сўнг иштирокчилар “Навоийазот” АЖ га саёҳат қилди. Улар ишлаб чиқариш жараёнида замонавий экологик хавфсизлик стандартларининг қўлланилиш жараёнлари билан танишди. Ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

Бугунги кунда корхона ҳудудига 28 та замонавий атмосфера мониторинги станциялари ўрнатилган бўлиб, ушбу станциялар ҳаводаги зарарли моддалар даражасини реал вақт режимида ўлчаб боради. Маълумотлар доимий таҳлил қилиниб, ишлаб чиқариш жараёнида экологик хавфсизликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Тадбир якунида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида“Навоийазот” АЖ ҳудудига туташ майдонда кўчат экилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири