Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Шаҳноза Қодирова Кармана туманида сайловчилар билан учрашди.
Учрашув аввалида номзоднинг таржимаи ҳоли ва Сайловолди дастури ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Сайловолди дастурдан мамлакатни барқарор ривожланишини таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратишга қаратилган муҳим йўналишлар ўрин олган.
- Бугун юртимизда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш долзарб вазифалардан бирига айланган, - деди ишончли вакил. - Барқарор экологик ривожланиш мақсадларига эришиш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда экологик хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифалардан ҳисобланади.
Номзод томонидан экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган “яшил” сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш ғояси илгари сурилмоқда.
Бу мақсадга эришиш учун эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиламоқда. Атроф табиий муҳит объектларидан оқилона фойдаланиш ва биологик ресурсларнинг қайта тикланишини таъминлаш, иқтисодий фаолиятнинг атроф-муҳитга ҳамда аҳолининг саломатлигига салбий таъсирини пасайтирувчи инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш лозим.
Шунингдек, иқтисодиётнинг барча соҳаларида “яшил” иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантиришга йўналтирилган сиёсат юритиш, “яшил” технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмларини ошириш, тадбиркорлик субъектларини “яшил” технологияларга ўтишини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш, маҳсулотларни етиштиришда пестицидлардан фойдаланишдан тўлиқ воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон – 2030” дастурини ишлаб чиқиш ҳам устувор вазифалардан биридир.
Учрашувда сўзга чиққанлар номзоднинг сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, барчани Президентликка номзод А.Ҳамзаевга овоз беришга чақирди.
А.Бўриев, ЎзА