Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил қоплама” қум бўронларининг олдини олади
15:13 / 2024-01-23

Бухоро вилояти Олот тумани “Қирлишон” ҳудудидаги Денгизкўл ён бағрида экологик ҳолатни яхшилаш, Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи минтақасидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, бу ҳудудларда чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этиш ишларини изчиллик билан давом эттириш ҳамда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини янада юмшатиш мақсадида вилоят давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги томонидан “Яшил қоплама” ҳосил қилиш туфайли қум бўронларини бартараф этиш” мавзусида ўқув-амалий кўргазмали семинар уюштирилди.

Тадбирда ҳукуматнинг соҳага оид меъёрий ҳужжатлари асосида Бухоро вилояти ҳокимининг “Яшил қопламалар” барпо қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди. Унга кўра, 2022–2026 йилларда умумий майдони 200 минг гектар майдонда “яшил қоплама” яратиш – ихоталаш чораларини кўриш, экиш ишларини амалга ошириш ҳаракатига киришилган.  

Жумладан, жорий йилда чекка Олот туманидаги чўл массивларида 40 минг гектардан зиёд ҳудудда экиш ишлари режалаштирилган. Бу ишларга 20 дан ортиқ ҳайдов техникаси воситасида 100 тоннадан ортиқ саксовул уруғи, ўттиздан ортиқ ишчи кучи жалб қилинган.  

Бевосита ўтган йилда Жондор тумани Қорақум чўлида 20 минг гектар, Шофиркон туманида, кимсасиз Қизилқум чўли бағрида 20 минг гектар ер майдонида экиш ишлари амалга оширилган. Бунда фойдаланилаётган жами 31 та транспорт воситаси вилоят давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимидаги туманлар ўрмон хўжаликлари техника парклари тасарруфида бўлиб, айни кунда юздан зиёд ишчи бу долзарб юмушга жалб қилинган.  

– Иқлим ўзгаришида туз бўрони ёки қум кўчиши олдини олиш муҳим ўрин тутади, –дейди туман ҳокими Наргиза Неъматова. –Афсуски, бу каби салбий ҳолатлар кейинги йилларда Бухоро вилоятида ҳам кузатилаётгани ниҳоятда ташвишланарли. Кимсасиз чўл массивларидан эсаётган шамоллар сабабли юзага келаётган қум бўронлари натижасида ҳаво таркибида чанг ва туз миқдори меъёрдан ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу кўнгилсиз вазиятдан халос бўлиш учун аввало саксовул, юлғин, черкез каби чўл ўсимликларини кўпайтириш, атроф-муҳит табиийлигини сақлаган ҳолда кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш жуда муҳим. Бу ўз ўрнида қуруқ ва сув танқис маҳаллий шароитда қум кўчишларининг ҳам олдини олади. Шунингдек, бу усул ернинг устки қисмида шамол тезлигини камайтириш имконини ҳам беради. Олим ва мутахассислар ўрганишларича, 3 йиллик саксовулзорда қум кўчиши 55 фоизга, 5 йиллик саксовулзорда эса 79 фоизга камаяркан. Буни қарангки, мазкур бута 7 ёшда янада ўсиб, ўша ҳудудда бу каби салбий ҳолатлар бутунлай тўхтайди. Унинг илдизи бақувват бўлиб, бир тупи 10 тоннагача қумни мустаҳкамлаб, кўчкиларга йўл бермайди. Илдизи тупроққа чуқур кириб бориб, горизонтал йўналишда саккиз метргача етишидан маълумки, қумларни мустаҳкамлашда беқиёс аҳамиятга эга.  

Умуман, “Яшил қоплама” саъй-ҳаракати мазмун-моҳиятига тўхталсак, чўл массивида бажарилган экиш ва ниҳол кўкартириш ишлари аввало, тумандошларимиз саломатлигини сақлаш, экологик номутаносибликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.  

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири