Тозалик — бу нафақат гўзаллик, балки маънавият белгиси. Атроф-муҳитни обод қилиш, дарахт экиш ёки чиқиндиларни йиғиш — бу кичик амаллардек туюлса-да, улар ортида катта маъно ётади. Бу ишлар инсоннинг табиатга, ўз юртига ва авлодлар келажагига бўлган масъулият ҳиссини ифодалайди. Шу боис юртимизда 15 октябрдан бошланган “Тозалик ва озодалик ойлиги” нафақат ҳудудларни обод қилиш, балки фуқаролар онгида экологик маданиятни мустаҳкамлаш сари ташланган муҳим қадам бўлди.
“Тозалик ва озодалик ойлиги” доирасида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унга туташ ҳудудларда кўкаламзорлаштириш тадбирлари уюшқоқлик билан ўтказилди.

Озодалик ва кўкаламзорлаштириш тадбирларида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ҳудудларни тозалаш, кишига эстетик завқ бағишловчи турфа анвойи гул кўчатларини ўтқазиш, дарахтларни парваришлаш, маиший, пластик ва шиша идишлар, қоғоз чиқиндиларни йиғиштириш ишларини амалга оширишди.

Тадбир экологик маданиятни юксалтириш, соғлом ва яшил муҳитни барпо этиш, табиатга бўлган муносабатда жамоавий масъулиятни оширишга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети жамоаси бу каби эзгу ташаббусларни доимий давом эттириш истагини билдиришди. Атроф-муҳитни асрашда бирлашайлик, Зеро, табиатни асраш – инсониятни асраш демак.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА