Юртимизда иқтисодий ривожланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил кенгаймоқда. Шу жараёнда “яшил молия” йўналишида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва ташаббуслар мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига ҳам хизмат қилаётир.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Global Green Growth Institute (GGGI) вакиллари билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда фикр алмашилди.
Мулоқотда томонлар GGGI ҳамкорлигида амалга оширилаётган “яшил молия” лойиҳаларининг бугунги ҳолати, эришилган натижалар ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, қўшма ташаббуслар доирасида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш имкониятлари, самарали ҳамкорликни давом эттириш ҳамда Ўзбекистонда барқарор ривожланиш ва “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, GGGI - 2012 йилда БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан халқаро ташкилот мақомига эга бўлган ва бош офиси Сеул шаҳрида жойлашган халқаро ҳамкорлик институти ҳисобланади. Бугунги кунда у 40 дан ортиқ аъзо давлат ва ҳамкор мамлакатларда фаолият юритади. Ташкилотнинг асосий мақсади эса аъзо давлатларда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, барқарор ўсиш ва кам углеродли иқтисодий моделни қўллаб-қувватлашдир.
Томонларнинг қайд этишича, ушбу учрашув Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлида муҳим қадамдир. “Яшил молия” лойиҳаларини амалга ошириш ва янги ташаббусларни йўлга қўйиш нафақат иқтисодий ўсишга, балки экологик барқарорликка ҳам хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг халқаро майдондаги экологик имижини мустаҳкамлаб, келгусида қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга замин яратади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА