French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Яшил майдонда – суд ходимлари
20:11 / 2023-05-06

Наманганда 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан вилоят, туман (шаҳар), туманлараро судлари ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича вилоят суди раиси кубоги мусобақаси ўтказилди.

Турнирнинг тантанали очилиш маросимида сўз олган Наманган вилояти суди раиси Алишер Усмонов шонли сана арафасидаги мазкур мусобақа ўтганларнинг ёрқин хотирасини ёд этиш, уларнинг эзгу анъаналарини давом этириш, қолаверса, суд органларида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини оширишда муҳим аҳамият эга эканлигини таъкидлади.

Ишчи-ходимлар ўртасида соғлом турмуш-тарзини тарғиб қилишга қаратилган мазкур мусобақада 12 та жамоа иштирок этди. Дастлабки босқичда тўп сурган жамоалар орасидан кейинги босқичга 6 та жамоа саралаб олинган бўлса, ярим финал баҳсларида вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси Чортоқ, Косонсой ва Норин туман судлари бирлашган жамоасига қарши, Янгиқўрғон тумани судлари жамоаси эса учқўрғонлик ҳамкасбларига қарши майдонга тушди.  

Муросасиз тарзда ўтган ярим финал ўйинларидан сўнг ҳал қилувчи учрашувда вилоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда Янгиқўрғон тумани судлари жамоалари баҳслашди. Ўйиннинг асосий ва қўшимча дақиқаларида дуранг (1:1) қайд этилгач, бахтли жамоа номи пенальтилар сериясида аниқланди. Янгиқўрғонлик ҳамкасбларини 3:1 ҳисобида енган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати жамоаси мусобақанинг ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Иккинчи ўринни Янгиқўрғон туман судлари жамоаси эгаллаган бўлса, кучли учлик Чортоқ, Косонсой ва Норин туман судлари бирлашган жамоасига насиб этди.

Мусобақада жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг девонхона мудири Элёр Нурматов – “Энг яхши ҳужумчи”, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судья ёрдамчиси Зафар Темиров –   “Энг яхши ҳимоячи”, судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Наманган вилояти ҳудудий бўлими бош муҳандиси Зафаржон Дадабоев – “Энг яхши дарвозобон” ва вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси Жавлонбек Абдумуталов – “Энг яхши футболчи” номинациялари бўйича муносиб тақдирланди.

Турнирнинг ғолиб ҳамда совриндорларига кубок, диплом, медаллар ва эсдалик совғалари тақдим қилинди.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА