Юртимизга баҳор нафаси кириб келиши билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва яшил майдонларни кенгайтиришга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси изчил давом этмоқда. Феврал–март ойларида айниқса фаол тус олган мазкур ташаббус доирасида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли кўчат экиш ишлари амалга ошириляпти.

Хусусан, Гулистон туманида ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда ташкил этилган. Аҳиллик маҳалласида 3 гектар ер майдони текисланиб, манзарали ва сояли дарахт кўчатлари экилди. Тадбирда туман ҳокими Олимжон Жўраев бошчилигида ташкилот ва идоралар раҳбарлари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Барча ҳамжиҳатликда меҳнат қилиб, маҳалла ҳудудини янада кўркамлаштиришга ўз ҳиссасини қўшди.

Лойиҳа доирасида жамоат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Юксалиш ҳаракати Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси ва “Eko-sfera” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳомийлигида Гулистон шаҳар 6-сонли умумтаълим мактабида “Бир миллион дарахт” акцияси ўтказилди. Шунингдек, Sardoba Universal Cluster томонидан 1 гектар ер майдонига 2 500 дан ортиқ қайрағоч кўчатлари экилди.

Ховос туманида ҳам дўстлик ва бирдамлик руҳида ҳашарлар ташкил этилди. Ободонлаштириш ишлари маҳаллалар кўркига кўрк қўшиб, аҳоли кайфиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ташаббусда нафақат давлат ва жамоат ташкилотлари, балки фуқаролар, ёшлар ва тадбиркорлар ҳам фаол қатнашишмоқда. Бу эса яшил ҳудудларни кўпайтириш ва асраш умумхалқ ҳаракатига айланаётганини кўрсатади.

Энг муҳими, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар изчил давом эттирилиб, ҳар бир ҳудудда янги боғ ва яшил майдонлар барпо этиш режалаштирилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири