Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш бошланди
09:56 / 2025-11-24

Бугунги кунда бутун дунёда экологик ўзгаришлар кузатилмоқдаки, натижада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш долзарб муаммолардан бирига айланиб бормоқда.

Юртимизда ҳам атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, табиий экотизимларни сақлаш ва тиклаш борасида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган. Мана бир неча йилдирки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Натижада дарахт ва бута кўчатлари экиш, боғлар барпо этиш, яшил майдонларни кенгайтириш, саноат ҳудудларини иҳотазорлаштириш республикамизда оммавий ҳаракатга айланди.

2025 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Навоий вилоятида куз мавсумида 8 миллион 842 минг дона манзарали, мевали дарахтлар ва бута кўчатлари экиш режалаштириб берилган.

Мазкур кўчатлар экиш жараёни 11 та шаҳар ва туманлар ҳамда 15 та соҳа кесимида тақсимот қилинган. Вилоят ҳокимлигининг 1 ноябрдан 10 декабргача долзарб 40 кунлик режа-графиги ишлаб чиқилган. Унга асосан назорат штаби фаолият юритиб, ҳар кунлик мониторинг олиб борилмоқда.

Кармана туманида 200 гектар ерга янгича тартиб бўйича марказлашган ҳолда 80 та корхона ва ташкилотлар томонидан кўчатлар экиш ишлари бошланди. 

Тадбир аввалида вилоят ҳокими кекса отахонлар дуосини олиб, дарахтлар экилишига старт берди ва илк кўчатларни ерга қадади.

 Ҳар бир экин майдони суғориш тизимлари ва сув билан таъминланган. Бунинг учун 20 минг куб/метр ҳажмдаги махсус иккита ҳовуз тайёрланган. Шунингдек, айрим ҳудудларда ариқдан, қувурлар орқали суғориш тизими йўлга қўйилган.

– Давлатимиз раҳбари томонидан берилган устувор вазифалардан бири бу “Яшил макон” лойиҳасидир. Лойиҳа доирасида вилоятнинг шаҳар ва туманлари, қишлоқларида янги боғлар, сўлим хиёбонлар, яшил ҳудудлар ташкил этиш белгилаб берилган эди, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгаши раиси Назира Тоғаева. – Федерациянинг Навоий вилояти Кенгаши ходимлари ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумида фаол иштирок этиб, 3 минг тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экди. Кузги дарахт экиш акцияси доирасида 50 нафар ходимимиз иштирок этди.

Шунингдек, лойиҳа доирасида М-37 автомагистрал йўлининг Кармана туманидан ўтган қисмидаги 300 гектар ерда вилоятнинг йирик корхоналари – “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, ва “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамиятлари томонидан кўчат экиш ишлари олиб борилади. “Навоийуран” давлат корхонаси томонидан эса Конимех туманининг Зафаробод шаҳарчаси ҳамда Учқудуқ туманида ажратилган ер майдонларида яшил маконлар ташкил этилади.

А.Бўриев, ЎзА мухбири